Ўзбекистон
24.06.2021
264
Аксар муаммоларимизнинг сабабчиси коррупция эканини, биз ҳам коррупциясиз жамиятда яшашга ҳақли эканимизни тушуниб етганимизга анча бўлди. Коррупциясиз жамиятнинг биринчи шарти – жамиятдаги коррупцияга нисбатан муросасиз муҳит ва ҳуқуқий маданият эканини эса чуқурроқ англаб етолмаяпмиз. Коррупция ҳам барча иллатлар каби ўзига қулай бўлган муҳитда тез урчийди. Биз ана шундай муҳитни яратдик ва унинг “corona”сифат вируслари онгимизга, шууримизга, яшаш тарзимизга, хатти-ҳаракатларимизга, урф-одатларимизга, менталитетимизга жобажой ўрнашиб олди. Энди унинг иситмаси билан яшашга мажбур бўляпмиз. Лекин қачонгача? Бу вирусни жамиятимиздан, онгимиздан ҳайдаб соладиган “ҳалоллик вакцинаси” борми? Бу иллатнинг даъвоси – иймон-эътиқод, дейди уламолар. Қаттиққўл қонунлар, аёвсиз жазо, дейди ҳуқуқбонлар. “Маънавиятчилар” ҳам нимадир дейди, албатта. Муайян даврларда инсонларнинг коррупцияга бўлган қараши, муносабати ўзгариб туради. Энг мослашувчан жонзот – инсон унга ҳам жуда тез мослашади, кўникади ва ҳатто хайрихоҳ ҳам бўлиб қолади. Бу сизу бизга ҳам тегишли. Одатда ҳукумат коррупцияга қарши курашиш масаласини кўтарганида тўлқинланиб кетамиз, бирданига коррупциясиз жамиятни орзу қилиб қоламиз. Орзу қилиш баробарида коррупциясиз жамиятда яшашга тайёрмизми, деб ўзимиздан сўраб кўрмаймиз. Аслида, ижтимоий институтлар билан алоқага киришар эканмиз, имкон топилган заҳоти ўз фойдамиз учун қонун-қоидани бузишга шай мардум ўзимиз-ку! Яна айрим амалдорларнинг қўлга қарайдиган бўлиб қолганидан нолиб юрамиз, “буларнинг ҳаммасини қамаш керак”, деб қўямиз журъатлироқларимиз ҳатто. Муроса қиламиз, муросасозмиз. Зиёлисию уламоси коррупционерга “тўн кийгизишга” муштоқ жамиятда коррупция урчимасинми? Ғалати парадокс: ҳаммамиз ҳам оз-оздан, лекин тез-тез қонунни бузиб турамиз, вақти келганда амалдорларга қистириб юборамиз. Шу билан бирга коррупционерлар халқнинг кўз олдида жазоланиши керак, деб ҳисоблаймиз… Бугунги одамларга арбобларни “сийлаб туриш” кўпам малол келмайди, баайни, ибтидоий одамлар “илоҳлар”ни ийдириш учун қурбонликлар қилишгани каби. Коррупция жудаям кўп одамларга қулай. Ҳар қалай, бизнинг жамиятимизда шундай. Нафақат баднияту жиноятчиларга, балки оддий одамларга ҳам. Қулайлиги шуки, совға-салом ёки пул эвазига шифокорларнинг беморига яхшироқ қарашига, хизматларни сифатли, бизнесини сердаромад қилишга эришиши мумкин. Қонуний ҳуқуқимизни билиш, ўрганиш, уни талаб қилишга қараганда бу бизга анча қулай кўринади. Биз шундайин ҳаётга ўрганганмиз. Ёки ўргатишган. Бизга қулайи шу ва ҳозирча шунгагина лойиқмиз. Ўзимиз қонун-қоидаларга бўйсунишни истамас эканмиз, коррупцияга бўйсунишга мажбурмиз. Унга муросасиз бўлмас эканмиз, унинг қоидалари бўйича яшаб ўтишга маҳкуммиз. Ҳуқуқий онг ва коррупцияга нисбатан муросасиз муҳит ўртасидаги ўзаро боғлиқликни англадингизми? Коррупция кучда экан, бошқа ижтимоий ва сиёсий муаммолар ечимини кутиш бефойда. Одатдаги “ҳукумат қаттиқ туриши керак”, “қонунлар чатоқ”, “коррупция генимизда бор” деган сийқа, фойдасиз гаплар айтилаверади. “Нима қилмоқ керак?” деган залворли саволга жавоб топиш ва вазиятни ўнглаш учун жўяли таклифларни олиб чиқиш эса жуда қийин. Коррупцияга қарши кураш коррупциявий ҳуқуқбузарликларни вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, сабаб ва оқибатларини, юзага келтирувчи шарт-шароитларни бартараф этиш каби жараёнлар ичида кечади. Ва буларнинг бари жиноятга жазо муқаррарлиги принципининг таъминланишига боғлиқ. Бўлмаса, бари бекор. Яқинда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Президент топшириғига асосан Адлия вазирлиги томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда бошқа қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (https://regulation.gov.uz/uz/d/46830) ва “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (https://regulation.gov.uz/uz/d/46843) лойиҳалари муҳокамага қўйилди. Уларда “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри”ни юритиш, коррупцияга оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш, даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазони ўташда енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар белгилаш ва бошқа шу каби таъсирчан, кескин чораларни қонунчиликка киритиш назарда тутилмоқда. Коррупционер нимадан қўрқади? Биринчи навбатда ошкораликдан, очиқликдан. Иккинчидан эса жазодан, бели оғримай топганлари ва шунга имкон берадиган мансабидан маҳрум бўлиб қолишдан қўрқади. Фармон лойиҳасида “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри”ни юритиш кўзда тутилмоқда. Ушбу реестрга киритилган шахслар давлат хизматига қабул қилинмайди, давлат мукофотлари билан тақдирланмайди, сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга уларнинг номзодлари кўрсатилмайди. Ўз навбатида, ушбу “қора реестр”га тушган шахснинг давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзолигига киритилиши, улар томонидан таъсис этилган ва (ёки) улар иштирокчиси ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик битимида иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши, давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиши, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши таъқиқланади. Мана шу жойда жамоатчилик назорати майдонга чиқиши керак бўлади. Шу ўринда бир мулоҳаза. Биламизки, жамоатчилик назоратининг мавжудлиги демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг муҳим шарти ҳисобланади – айнан жамоатчилик назорати орқали ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий муаммолар кун тартибига олиб чиқилади ва ҳал этиб борилади. Шунингдек, жамоатчилик назорати институти давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги самарали ҳамкорликни ташкил этишнинг муҳим воситаси саналади. Жамоатчилик назоратининг объекти, қоидага биноан, давлат органлари фаолиятидир. “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари жамоатчилик назоратининг субъектлари ҳисобланади. Шунингдек, жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин. Давлатнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсатида ҳам нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари генератор вазифасини бажариши, жамоатчилик назоратининг барча субъектлари давлат органларини мазкур сиёсатни амалга оширишга ундаши зарур. Бунинг учун эса қонунларимизда жамоатчилик назорати билан боғлиқ нормаларга кенг ўрин берилиши лозим. Шу маънода, лойиҳада коррупцияга қарши курашишга оид қонунчилик ижроси таъминланиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида, жамоатчилик назорати субъектларининг ваколат ва вазифаларига ойдинлик киритиб кетилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Фармон лойиҳасида 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизимини жорий этиш кўзда тутилгани, айрим ҳамкасбларимиз таъбири билан айтганда, соҳада “инқилобий” ўзгаришларни бошлаб бериши мумкин. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахси даромадини ошкоралаштириш коррупцияга қарши курашдаги синалган усуллардан бири. Нафақат даромади, харажати тўғрисида ҳам ҳисобот бериши керак. Ҳар йили. Бу малол келса, марҳамат, давлат хизматини қўйиб, хусусий секторда фаолият олиб бораверсин. Шу ўринда яна бир мулоҳаза: жазо қонунчилигимизга мусодара институтини имкон қадар тезроқ қайтариш керак. Мусодара жазо сифатида қонунчиликдан олиб ташланганида, ҳуқуқшунос устозларимиздан бири: “Бу коррупция учун яшил чироқ бўлиши мумкин”, деган эди. Эҳтимол, бироз муболағага кетилгандир. Нима бўлгандаям, мусодара коррупционерни тийиб турувчи муҳим таъсир чораларидан бири экани аниқ. Жаҳон банки маълумотларига кўра, ҳар йили коррупция сабаб бир триллион доллар исроф бўлади, қанча кўнгиллар ва юртларни обод қилиши мумкин бўлган пуллар шамолга совурилади. Минглаб болаларнинг ризқини қийиб, ўз фарзандлари учун “келажак” яратаётган “болажон” коррупционер “йиққанимнинг роҳатини ўзим кўрмасам ҳам болаларим кўради”, қабилида йўл тутади. Етти пуштига етадиган дунё тўплайди. Вақти келиб, панжара ортига тушар ҳам. Лекин унинг кўнгли бир нарсадан тўқ: авлодлари зодагонлардай яшайди. Ўзи эса улар учун қаҳрамон бобо тимсолида қолади, гўё. Агар мусодара институти амал қилса, унинг бундай йўл тутиши даргумон. Негадир кўпчилигимиз коррупцияни бедаво дард, инсон иродасидан юқори турувчи қандайдир бир куч сифатида тасаввур қиламиз. Бу билан унга қарши курашиш масъулиятини зиммамиздан соқит қилгандай бўламиз. Аслида коррупция енгиб бўлмас бир машина, коррупционерлар эса ҳар нарсага қодир қандайдир қудратли куч эмас. Коррупция, агар касофати улардан зиёдроқлигини айтмаганда, ҳар қандай жамиятга хос бўлган жиноятлардан бири, холос. Коррупционерлар ҳам худди бошқа жиноятчилар, дейлик, ўғри ёки фирибгардан кўп фарқ қилмайдиган, вақти келиб қўлга тушишдан, қилмишлари фош бўлишидан, жазодан, халқнинг нафратидан қўрқадиган бир тоифа. Бошқа ҳеч нарса! Муроса қилманг! Шунда бу иллатнинг чекинганини биргаликда кўрамиз.
Шавкат Ёдгоров,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилади
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-999-сон, 15.11.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг айрим моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.
Юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари рағбатлантирилади
Қонунга кўра, юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар бўйича (бундан ҚҚС мустасно) ортиқча тўланган суммани қайтариш 3 кунлик муддатда амалга оширилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Кадастрлар палатаси ходими $15 минг пора билан қўлга тушди
У фермер хўжаликларидан бирига тегишли 17 гектар ер майдонини ижарага олиб бериш эвазига шунча пул талаб қилган.
Самарқанд ва Андижонда прокуратура ходимлари пора билан қўлга тушди
Ушланганлардан бири гумонланувчини қамоққа олмаслик ва тергов ҳаракатлари давомида енгиллик яратиб бериш, иккинчиси фуқарога нисбатан суд жараёнида енгиллик қилиш ва қамоқдан чиқариш эвазига пул олмоқчи бўлган.
Сирдарёда Кадастр агентлиги туман бўлим бошлиғи пора билан қўлга тушди
У фуқародан дўкон ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 1 200 АҚШ доллари олмоқчи бўлган.
“Док-1 Макс” жиноят иши: Гувоҳлардан бири масъулларга миннатдорчилик тариқасида пул берганини билдирди
Гувоҳ тариқасида сўралган суд-тиббий экспертизаси ходими вафот этган 65 нафар боладан атиги 17 нафарида, шунингдек 3 нафар оғир аҳволдаги болада текширув ўтказилганини таъкидлаган.