Ҳуқуқ
18.09.2026
25

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан қонунчиликда турли жазо чоралари қўлланилиши мумкин. Шундай чоралардан бири — ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этишдир.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 281-моддасига кўра, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш ҳуқуқбузарни жамият учун фойдали бўлган жамоат ишларини бажаришга мажбурий жалб қилишни англатади.
Бундай жазо чораси суд томонидан тайинланади. Жамоат ишларининг муддати 8 соатдан 240 соатгача бўлиши мумкин. Агар ҳуқуқбузар ўқиётган бўлса, у жамоат ишларини фақат ўқишдан бўш вақтида бажаради.
Ҳуқуқбузарга жамоат ишларини бажариш учун муайян объект ёки иш тури белгиланади. Жамоат ишларини ўташ мумкин бўлган жойлар ва бажариладиган иш турлари жазонинг ижросини назорат қилувчи орган — ички ишлар органларининг пробация бўлинмалари томонидан белгиланади.
Шу сабабли ҳуқуқбузар суд томонидан тайинланган жазони ўз хоҳишига кўра исталган жойда эмас, балки белгиланган объектда ва белгиланган иш турини бажариш орқали ўтайди.
Қонунчиликда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш мумкин бўлмаган шахслар ҳам аниқ белгилаб қўйилган.
Жумладан, ушбу жазо:
— пенсия ёшига етган шахсларга;
— 18 ёшга тўлмаган шахсларга;
— ҳомиладор аёлларга;
— 3 ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга;
— биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
— доимий ишга эга шахсларга;
— ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилмайди.
Демак, суд жамоат ишлари жазосини тайинлашда шахснинг ёши, ижтимоий ҳолати, меҳнат фаолияти ва қонунчиликда кўрсатилган бошқа ҳолатларни инобатга олиши лозим.
Ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, бу ишлар учун шахсга ҳақ тўланади.
Бироқ агар шахснинг алимент мажбуриятлари бўйича қарзи мавжуд бўлса, унинг жамоат ишларини бажариш натижасида олган иш ҳақининг 50 фоизи алимент бўйича қарзни тўлашга йўналтирилади.
Бу тартиб, айниқса, алимент мажбуриятини бажармаган шахсларнинг қарздорлигини камайтиришга хизмат қилади.
Суд томонидан тайинланган жамоат ишларини бажаришдан қасддан бўйин товлаш ҳуқуқбузар учун янада оғирроқ оқибатларга олиб келиши мумкин.
Агар шахс жазони ўташдан бўйин товласа, суд жамоат ишларининг ўталмай қолган қисмини бошқа жазо билан алмаштириши мумкин.
Бунда 4 соат ҳақ тўланадиган жамоат иши маъмурий қамоқнинг 1 кунига, ёки 8 соат жамоат иши БҲМнинг 1 баравари миқдоридаги жаримага тенглаштирилади.
Бироқ жазони алмаштиришда ҳам қонун белгиланган чекловларга риоя қилинади. Яъни маъмурий қамоқ муддати 15 суткадан, жарима миқдори эса БҲМнинг 20 бараваридан ошмаслиги керак.
Шунингдек, шахс жазони ўташдан бўйин товлаган вақт жазони амалда ўтаган муддат сифатида ҳисобга олинмайди.
Зиёвуддин Намозов,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Чуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?
Демак, «йўл учун давлат жавоб беради» деган умумий хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас.
Автомобиль йўлларини таъмирлашга ким масъул? Муҳим қоидалар
Сифатли йўл — нафақат қулайлик, балки ҳаракат хавфсизлигининг муҳим кафолатидир.
Квартира сотиб олаётганда нималарни текшириш керак?
Квартира харид қилишда шошилиш энг катта хатолардан бири бўлиши мумкин.
Кўзгудаги ҳақиқат: болангиз нима кўраяпти?
Бугуннинг ёшлари учун асосий овунчоқ ва таъбир жоиз бўлса, “нажот” бўлаётган интернетда эса, ҳамма нарса бор – яхши ҳам, ёмон ҳам...