Ҳуқуқ
25.06.2024
583
Сўнгги пайтларда муаллифлик ҳуқуқига оид низолар анча кўпайди. Масалан, илгари исталган қўшиқни истаган одам хоҳлаган жойда ижро этиб кетаверар эди. Энди қўшиқ ижрочисидан оғзаки розилик олиб айтилган қўшиқлар устида ҳам судлашувлар бўляпти. Бунда Юлдуз Усмонова, Авазбек Олимов, Санжай, Достон Эргашев каби таниқли юлдузларнинг жавобгар сифатида намоён бўлиши бир томондан муаммога жамоатчилик эътиборини қаратмоқда, бошқа томондан эса кўп ўринларда жамоатчиликнинг муаллифлик ҳуқуқига нисбатан тоқатсизлигини, яъни нотўғри муносабатини намоён қилиб қўймоқда. Мақолада интеллектуал мулкка нотўғри муносабат бизни қандай қашшоқлаштириши ҳақида сўз боради.
Интеллектуал мулкни ўғирлаш – бу фақат шеър ё қўшиқни ўзиники қилиб олиш дегани эмас. Сал ўзгартириб кўчирилган илмий иш, мақоладан тортиб номи бир ҳарфга фарқ қилувчи сохта брендларгача, нашр қилиниши билан телеграм каналларда тарқаб кетаётган китоблардан тортиб катта лойиҳалар учун ясалаётган (кўчирилаётган) логотипларгача – барчаси интеллектуал мулк ўғрилигининг кўринишларидир.
Бу бизда кеча ёки бугун пайдо бўлган иллат эмас. Бу бизда ҳар доим бўлган ва илдизи анча чуқур муаммо.
Негадир интеллектуал ўғриликни енгил санаймиз, бефарқ-лоқайдмиз, кези келганда уни ҳатто оқлаймиз ҳам. Бирон шоирнинг шеърини сўроқсиз ўзгартириб, асл мантиғи ва фалсафасини бузиб куйлаган хонанда – қаҳрамон («яхши куйлади, шеърни ва шоирни машҳур қилиб берди»), ҳаққини даъво қилган муаллиф эса – аксилқаҳрамон («ношукр экан, ўзини биров танимаса, пул учун судлашяпти-ёв»). Биз бу борада терс бир муҳитда яшаётгандекмиз.
АҚШда талаба курсдоши кўчирмакашлик қилганини ўқитувчига айтиб берса, номаъқул ишни фош этди дея олқиш олади. Бизда эса кўчирмакашлик оддий ҳол, қўлга тушиб қолса, нари борса огоҳлантирилар, лекин жиддий жазоланмайди. Бордию кимдир буни ошкор қилгудек бўлса, сотқин аталади.
Шўро қатағонидан мерос тарихий анъана бирон бир маълумотни ошкор этишни қораламоққа ундайди. Муаллифнинг ўз ҳақини талаб қилиши билан хабаркашлик иллати еру осмонча фарқланишини эса тушунгимиз келмайди. Аҳвол шу даражадаки, интеллектуал мулкини ҳимоя қилиш учун даъво бошлаган муаллифлар «Одамлар билмасин, мени сазойи қилишади» деб қонуний хатти-ҳаракатини ҳам яширишга уринади. Биз тескари «қадрият»лар ҳукми остида яшаяпмиз!
Бунинг асосий сабаби – ақлий меҳнатнинг қадрини билмаслик. Албатта, халқнинг иқтисодий ҳолати ҳам аҳамиятга эга. Дейлик, асл пойабзал фалон минг сўм, унинг нусхаси эса ўн баравар арзон бўлса, халқ камхаржини олади. Бировнинг ҳаққи, муаллифлик ҳуқуқи деб ҳар қанча бонг урманг, чўнтак кўтармас экан, барча уринишлар фойдасиз. Бу ҳол ёпиқ доирани ёдга солади: аҳоли қўли юпқалиги важидан муаллиф ҳаққига риоя қилмайди, бошқа томондан, жамият муаллиф ҳаққига риоя қилмагунича камбағалликдан қутулолмайди. Боз устига, мамлакатда муаллифлик ҳуқуқига риоя этилмаётгани, ишлаб чиқарувчи ҳам, истеъмолчи ҳам бунга бефарқлигини кўрган инвестор асло сармоя киритмайди.
Шу тахлит хорижнинг арзон, сифатсиз молларини истифода этиб умр ўтказамиз. Ўзимизнинг олтинбошлар четга ҳижрат қилиб, у ерда моддий неъмат яратади. Биз эса уларнинг молини ўн, юз баравар қиммат нархда сотиб оламиз. Шу тарзда «учинчи дунё» тамғасидан қутулолмай юраверамиз.
Ҳар гал хориж сафарига чиққанимда аэропортларда ҳамюртларимнинг зил-замбил жомадон судраб юрганига гувоҳ бўламан. Ватандошларимиз четдан китоб, антиквариат ёки бирон маданий атиқа келтирса қани – асосан кийим-кечак, егулик ташийди. XXI асрдая! Нега? Бизда брендлар камлиги сабаб ким хорижга чиқса, кўзи очдек дўконларга чопади, жомадонини ажнабий маҳсулот билан тўлдиради. Фикр, ғоя ўғирланган мамлакатдан бренд эгалари ҳам оёғини тортадида!
Бу ҳол нафақат саноат ва бизнес, балки илм, ноширлик, санъатга ҳам хос. Ношир яхши муаллиф топиб, унга қаламҳақи бериб асар ёздиради, хориждан нашр ҳуқуқини сотиб олади. Қанча харажат ва ҳаракат қилиб китобни нашр этади, бозорга чиқаради, маҳсулотини овоза қилиш учун ҳам маблағ аямайди. Бироқ китоб энди тилга тушганида қароқчилар уни арзон-гаровга пуллаб чўнтак қаппайтиради. Сўнгги йиллари бу борада Телеграм каналлар учар бўлиб кетди. «Маърифат тарқатяпмиз» деган даъво билан китобларнинг электрон нусхаси каналларга жойланади. Асл мақсад – минг-минг обуначи йиғиш ва рекламадан пул ишлаш! Шўрлик ношир чапак чалиб қолаверади.
Ўғриликларнинг ортидан қувиб, ҳуқуқбузарларни жазолаш керак – қонун талаби шу. Лекин интеллектуал мулк ўғрилигига қарши фақат жазо ва тақиқ билан курашиш кутилган самарани бермайди. Телеграм гуруҳи маъмурини топиб жавобгарликка тортганингиз билан, эртага у аноним тарзда бошқа бир канал очиб, қинғир ишини давом эттираверади. Уларни фақат кўпчилик бўлиб тўхтатиш мумкин, маънан етук жамият буни қила олади. Ўғирланган маҳсулотларни бойкот қилиб, ўша каналларга обуна бўлмай, плагиатни оммавий тарзда қоралаб (cancelling culture). Бироқ буни қила оламизми?
Ҳозирча бизда ўз ҳақини талаб қилган муаллиф cancel бўлиб кетиши (оммавий қораланиши) кузатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда муаллифлик ҳуқуқи борасида кўп баҳслашаман. Гоҳо ўқимишли инсонлар ҳам интеллектуал ўғриликни ёқлашидан ҳайрон бўламан. Тўрт қатор оҳорли матн ёзиш машаққатини бошдан кечирган одам ақлий меҳнат маҳсулининг ўғирланиши нақадар аламли эканини теран ҳис этади.
Муаммо сабаблари талайгина.
Биринчидан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситасида маълумотларни унинг муаллифи, ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ўзлаштириш осон ҳамда арзон ишга айланиб қолди.
Иккинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида интеллектуал мулк бўйича етарлича ҳамкорлик йўлга қўйилмаган.
Учинчидан, интеллектуал мулкни ҳимоясига доир даъво аризаларни кўриб чиқаётган судьяларимиз бу соҳада етарлича билим ва кўникмага эга эмас.
Тўртинчидан, аҳоли бу бўйича етарли билим, кўникма ва ҳуқуқий маданиятга эга эмас.
Айримларда муаллифлик ҳуқуқи объектларига (шеърий ҳамда насрий асарлар, қўшиқлар, фильмлар ва б.) моддий мулк каби муносабатда бўлмай, унинг қийматига паст назар билан қараш шаклланиб қолган. Муаллифлик объектларининг ҳам худди моддий мулклар, масалан, машина ёки қимматбаҳо тақинчоқ каби эгаси ва баҳоси мавжуд.
Одатда муаллифлик ҳуқуқига оид иш ҳақида гап кетганда, омма орасида кенг тарқалган «интернет саҳифаларидан олдим, у ерда жойлаштирилган маълумотлар «жамоат мулки» – деган нотўғри тушунча мавжуд.
«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддасига асосан муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва унинг вафотидан кейин 70 йил давомида амал қилади. Ушбу муддат ўтгач асар жамоат мулкига айланади.
Шу сабабли интернет саҳифаларига жойлаштирилган муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ҳаммаси ҳам жамоат (халқ) мулки эмас ва улардан фойдаланилганда ҳуқуқ эгасидан рухсат сўралиши шарт.
Ахлоқ пойдор бўлмаган жамиятда қонун устуворлиги ҳам, тараққиёт ҳам йўқ. Биз эса тобора ахлоқдан йироқлашиб боряпмиз: бировнинг ҳаққидан қўрқмаймиз, ўғриликка енгил қараймиз, фақат ўзимизни тўнасаларгина адолат талаб қиламиз.
Интеллектуал мулк Европада ялпи ички маҳсулотнинг – 45, Хитойда – 12, Россияда эса 7 фоизини ташкил этади. АҚШ, Германия, Япония сингари мутараққий давлатларда ЯИМ ўсишининг 80 – 95 фоизи техника ва технологиялар ҳиссасига тўғри келади. Демак, қаерда ақлий меҳнат қадрланса, ўша ерда инсон шаъни баланд, қорни тўқ, адолат устувор бўлади. Илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, бу соҳадаги ютуқларни юқори қийматли маҳсулотга айлантириш учун ҳам интеллектуал мулкнинг ишончли муҳофазаси таъминланиши лозим.
Бировнинг тилла соатини ўмариш билан ўзганинг асарини ўзиники қилиш ўртасида моҳиятан фарқ йўқ. Ана шу нуқтайи назарни бутун жамиятга сингдириш, плагиатнинг улкан зиёнини тушунтириш, мухтасар айтганда, ижтимоий онгни ўстириш керак. Гарчи «популистик» бўлмасада, «очко» келтирмасада, жазони қаттиқроқ ва муқаррар қилиш, интеллектуал мулк ҳимоячилари ҳамжамиятларини рағбатлантириш вақти келди. Унутмайликки, бу иллат косамизни оқартирмайди, унинг касрига кучлилар қаршисида заиф ва тобе бўлиб қолаверамиз.
Шаҳноза Соатова, жамоатчилик фаоли
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Шоир Беҳзод Фазлиддиннинг аризасига кўра яна бир хонанда жавобгарликка тортилди
Унинг “Оғриқ” номли шеърига нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан мурожаати адлия бошқармаси томонидан кўриб чиқилган.
Хожибой Тожибоевнинг муаллифлик ҳуқуқлари унинг вориси орқали ҳимояланди
Аниқланишича, марҳум сўз устасининг хажвиялари ноқонуний равишда радио эфирларида эшиттирилган
“Маънавиятсиз” кадрларни кесиш, кафе-ресторанларда рухсатсиз қўшиқ қўйиш ва ретрансляция. Муаллифлик ҳуқуқи бўйича оддий ҳолатга айланган 7 та ҳуқуқбузарлик
Фильмлардаги айрим кадрларни кесиб, эфирга бериш тўғрими? Кафе-ресторанда қўйилаётган, тўйларда ижро этилаётган қўшиқлар учун муаллифдан нега рухсат олинмайди? Китобларни сўрамай нашр қилиш бу ўғрилик... hudud24.uz кундалик туриш-турмушимизда «одатий ва табиий» ҳолга айланган ана шундай қоидабузарликларнинг энг кенг тарқалган еттитаси тўғрисида сўз юритади.