#NoComment
27.02.2026
511

Ўтган йилнинг 26 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида кириб келаётган 2026 йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини – барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлиши таъкидланди.
Мамлакатимизда сифатни янги босқичга олиб чиқадиган илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этиш учун янги технологияларни жорий қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, педагог кадрларнинг, айниқса педагогик фаолияти юзасидан уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда қўшимча имкониятлар яратилмоқда.
Шу муносабат билан олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга бўлган педагогларнинг яшаш шароитини яхшилашда уларга қўшимча молиявий имкониятлар яратиш орқали соҳа вакилларини тизимли қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби жорий этилиши юзасидан саволлар ва жавобларни ҳавола қиламиз.
1. Олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга бўлган педагогларга қандай ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тартиби жорий этилди?
2026 йилдан бошлаб камида 15 йил иш стажига ва олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга булган педагогларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириладиган ипотека кредитлари бошланғич бадалининг 25 фоизини қоплаб бериш учун Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби жорий этилди.
2. Уй-жой сотиб олиш учун олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга бўлган педагогларга субсидия ажратиш тартиби қандай тартибларни ўз ичига олади?
Ҳукумат қарори билан Уй-жой сотиб олиш учун олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга бўлган педагогларга субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Ушбу низомда:
субсидия олиш учун ариза бериш, ариза берувчини ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш тартиби;
баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш ҳамда ипотека кредити бўйича субсидияни ҳисоблаш тартиби;
ипотека кредитини расмийлаштириш ва субсидия ажратиш тартиби назарда тутилган.
3. Олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга бўлган педагоглар субсидия олиш учун ариза билан қайси идорага мурожаат қилишлари лозим?
Олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга бўлган педагог ариза берувчи сифатида ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Ўзи келиб мурожаат этганда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса ариза берувчи мустақил равишда давлат хизматидан фойдаланиш учун сўровномани электрон тарзда тўлдиради.
Берилган аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади ҳамда ушбу жараёндаги барча хизматлар бепул кўрсатилади.
4. Субсидия олиш учун берилган аризаларни кўриб чиқиш жараёни қандай бўлади?
Субсидия олиш учун келиб тушган аризалар «subsidiya.idm.uz» электрон платформаси орқали инсон омилисиз кўриб чиқилади ҳамда субсидиялар иштирок этувчи тижорат банкларининг буюртманомаларига асосан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «subsidyplatform.mf.uz» тўлов платформаси орқали автоматик тарзда тўлаб берилади.
5. Бошланғич бадал учун субсидия ўзи нима ва қанча миқдорни ташкил этади?
Бошланғич бадал учун субсидия деганда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштиришнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган энг кўп миқдорлари доирасида тижорат банклари томонидан ажратиладиган ипотека кредити бўйича шакллантирилиши лозим бўлган бошланғич бадалнинг 25 фоизи миқдорида Давлат бюджетидан талабгорнинг банкда очилган тегишли ҳисобварағига ўтказиладиган маблағ тушунилади.
6. Педагогларга ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадалнинг 25 фоиз қисми эски қурилган уй-жойларни харид қилиш учун ажратиладими?
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириладиган ипотека кредитлари бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш доирасида бирламчи уй-жой бозоридан квартираларни сотиб олиш учун ажратилади.
Субсидия ариза берувчининг рўйхатга олинган доимий яшаш жойидаги ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) доирасида қурилган уй-жойлар учун йўналтирилади.
7. Субсидия олиш учун тўлдирилган сўровномада кўрсатилган маълумотлар қандай тарзда баҳоланади?
Давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали ариза топширишнинг босқичлари тўлиқ якунлангандан сўнг масъул ташкилотлар сўровномада кўрсатилган маълумотларни тегишли низомда келтирилган ижтимоий мезонлар асосида баҳолаш учун автоматик тарзда шу куннинг ўзида Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «subsidiya.idm.uz» дастурий таъминот тизимига, дастурий таъминот тизими орқали эса масъул ташкилотларнинг ахборот тизимларига юборади.
Ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги маълумотлар масъул ташкилотларнинг ахборот тизимлари орқали автоматик равишда текширилади ва икки иш куни ичида дастурий таъминот тизимига юборилади.
8. Субсидия олиш учун ариза берувчи номида бир нечта турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги текшириладими?
Ариза берувчи, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғининг номида республиканинг барча ҳудудлари миқёсида икки ва ундан ортиқ мулк ҳуқуқи билан турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ахборот тизимлари томонидан текширилади ва дастурий таъминот тизимига тақдим этилади.
9. Ариза берувчининг олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга педагог эканлиги қайси давлат идораси томонидан аниқланади?
Ариза берувчининг олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга педагог эканлиги Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот тизимлари томонидан текширилади ва дастурий таъминот тизимига тақдим этилади.
10. Ариза берувчини ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш тартиби қандай бўлади?
Ижтимоий мезонлар асосида баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, ариза берувчига дастурий таъминот тизими томонидан тегишли низомда келтирилган намунавий шаклларга мувофиқ субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги электрон QR-код (матрик штрихли код) қўйилган хабарнома бир иш куни ичида Давлат хизматлари марказига ва ЯИДХПдаги шахсий манзилига юборилади.
Аризада ариза берувчи томонидан давлат хизматларини кўрсатишнинг натижасини олиб кетишга масъул шахс кўрсатилган ҳолларда, давлат хизматларини кўрсатишнинг натижасини ушбу шахсга тақдим этишда тегишли ишончнома талаб этилмайди.
Турғун Азимов,
ТДЮУ профессор-ўқитувчиси
Улашиш:
Бошқалар
Ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлар интизомий жавобгарликка сабаб бўладими?
Кодекснинг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Қарз шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Баъзан қарз олиб, қайтариб бермаслик оқибатида яқин қариндошлар ва қадрдон дўстлар ўртасида низо келиб чиқади.
Ходим ишламаётган даврлар қачон дам олиш вақти ҳисобланмайди?
Ходимга дам олиш учун эмас, балки бошқа мақсадларда бериладиган, ходимни меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этиш даврлари дам олиш вақтига кирмайди.
Сунъий интеллект ва юридик терминология
Ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжат аниқ ва тушунарли тилда ёзилиши шарт.