currencies image

12 928,27 UZS

18,47

usd

currencies image

13 462,21 UZS

46,35

eur

currencies image

129,66 UZS

0,57

ru



АсосийЯнгиликларРадарлар ҳақида ҳаммаси: муҳим 10 саволга жавоб

Радарлар ҳақида ҳаммаси: муҳим 10 саволга жавоб

Ҳуқуқ

calendar

23.11.2024

eye

1 185

Радарлар ҳақида ҳаммаси: муҳим 10 саволга жавоб

Бугунги кунимизни автомобилларсиз тасаввур қила олмаймиз. Уни бошқариш чоғида билиб-билмай йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, радарларга тушиб қолиш ҳам учраб туради. Бунинг оқибатида эса почтачи уйимизга жарима солиш тўғрисидаги қарорни дарров етказади. Аттанг, муаммо устига яна бир муаммо. Тўхтангчи, ўзи бу жарима қонуниймикан?!

Hudud24.uz колумнисти Неъматулло Замоновнинг ушбу мақоласида радарлар орқали қайси ҳолатларда жарима чиқарилиши мумкинлиги, радарларга қўйилган техник талаблар, ноқонуний жарималарни бекор қилиш йўллари ва бошқа шунга ўхшаш долзарб саволларга содда талқинда жавоб ёзилади.

1. Қандай радар турлари мавжуд?

Радарларни шартли равишда муайян гуруҳларга бўлиб оламиз. Сабаби ҳамма радарлар ҳам бир хил тартибда қоидабузарликни қайд этмайди.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаси – асосан чорраҳаларда, йўл бўйида металл устунларга ўрнатилиб, автомобилларнинг давлат рақами белгиларини аниқлайди.

Мобил комплекс – Одатда «Nexia III» ёки «Cobalt»ларга ўрнатилади. Мультирадарлар мобил комплекс ҳисобланади.

Кўчма фоторадар – Халқ тилида «учоёқ радар» дейилади.

2. Мультирадарда аниқланган қоидабузарлик ўша жойнинг ўзида ҳайдовчига маълум қилиниши керакми?

Низомга кўра, бу ҳолатда йўл патруль хизмати ходими маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилмаслик ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг иштирокисиз жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқаришга ҳақли

Кўчма фоторадар ва мобил комплекслардан фойдаланганда Низомнинг 37-бандида шундай дейилган: «МЖтКнинг 3091-моддасига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилмасдан, ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг иштирокисиз жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилади. Бунда ҳуқуқбузарликни такрорийлиги инобатга олинмайди.

Жарима солиш тўғрисидаги қарор махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари қўлланилган ҳолда олинган материаллар илова қилиниб, юридик кучга эга бўлган электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилади ҳамда ушбу ҳужжатни тузган ваколатли шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади».

3. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали жарима расмийлаштирилишида ҳам ҳайдовчига қоидабузарлик дарҳол маълум қилиниши керакми?

Йўқ. «Учоёқ» ва мультирадарлар воситасида маъмурий ҳуқуқбузарлик қайд этилган тақдирдагина ҳайдовчи ўша жойнинг ўзида бу ҳақда хабардор қилинади. Ушбу тартиб махсус автоматлаштирилган техника воситалари билан қоидабузарлик қайд этилишига нисбатан татбиқ этилмайди. Бунда ҳайдовчининг иштирокисиз жарима солиш тўғрисида қарор чиқарилади. Баённома ҳам расмийлаштирилмайди.

Жарима солиш тўғрисидаги қарор ҳуқуқбузарга 3 кун ичида почта орқали етказилади.

4. «Nexia III» га ўрнатиладиган мультирадарлар ҳаракатланган ҳолда ҳуқуқбузарликни қайд этиб ўтиши мумкинми?

Мумкин. Низом талабига кўра, мультирадарлардан фойдаланиш ДЙҲХХ саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғи томонидан тасдиқланган дислокация доирасида амалга оширилади. Яъни белгиланган ҳудуд ичида мультирадарлар орқали жарима чиқарса бўлаверади. Демак, кўрсатилган дислокация доирасида қоидабузарликларни мультирадар орқали ҳаракатланиб туриб ҳам аниқлаш мумкин.

5. Радарлар симёғочга ўрнатилиши қонунийми?

Техник талабларга  кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари автомобиль йўлининг қатнов қисмига халақит бермайдиган ҳолда, ўнг ёки чап йўналишга «I», «Г», «Т» ёки «П» шаклдаги металл устунга ўрнатилади. Симёғоч, дарахт ва бошқа нарсаларга ўрнатиш мумкин эмас.

Шунингдек, радар шу металл устунга ердан камида 6 метр баландликда ўрнатилиши зарур.

6. Тадбиркорлар томонидан ўрнатиладиган радарлар қанчагача бўлган тезликни аниқлай олади?

Қонунчиликда келтирилган техник талабга мувофиқ, бундай радарлар 5 — 250 км/ҳ тезлик оралиғида ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг тезлиги ва давлат рақами белгисини аниқлаши мумкин. Бу дегани 250 км/соатдан юқори тезликда ҳаракатланганда радарлар автомобиль тезлигини қайд этиш имкониятига эга бўлмайди. Тўғри, бундай тезликда ҳаракатланишда қоидабузарлик эмас ўлим қайд этилиши эҳтимоли юқори).

7. Тўхташ ва тўхтаб туриш йўл ҳаракати қоидабузарликларини радарлар орқали қайд этишда қандай талаблар мавжуд?

 

Тўхташ ва тўхтаб туриш қоидабузарлигини аниқлашда радарлар бир эмас икки турдаги фотони қайд этиши талаб этилади. Қолаверса, улар икки хил вақтда олиниши керак.

Масалан, ҳайдовчи тўхташ тақиқланган жойда автомобилни тўхтатиб, қоидабузарлик содир этди. Бунда радар қуйидаги икки хил турдаги фотосуратни икки хил вақт оралиғида қайд этиши зарур:

1-расм: қоидабузарлик содир этилган ҳолат ва унинг вақти акс эттирилади;

2-расм: 1 дақиқадан сўнг ўша ҳолат қайта суратга олиниб, унда худди шу автомобилнинг рақами катталаштирилган ҳолда бўлади.

Шунга ўхшаб тўхтаб туриш қоидаси бузилганда ҳам радарлар орқали жарима чиқарилишида икки хил фото икки хил вақт оралиғида олинмоғи лозим. Яъни тўхтаб туриш қоидасини бузган вақтдаги автомобиль сурати ҳамда орадан 10 дақиқа ўтгач яна битта шу ҳолат акс этган фото.

Юқоридаги расмлар илова қилмай чиқарилган жарима солиш тўғрисидаги қарор ҳақиқий ҳисобланмайди.

8. Тадбиркорлар қандай қилиб радарларни ўрнатиши мумкин?

Тадбиркорлар томонидан радар ўрнатилиши мумкин бўлган жойлар «e-auksion» платформасида танловга қўйилади. Онлайн аукционда ғолиб бўлган тадбиркорлик субъекти радарни ўрнатиш ҳуқуқига эга бўлади. Шундан сўнг тадбиркор низомда белгилаган идоралар билан келишиши, ҳужжатлалаштириш ишларини амалга оширади.

(Батафсил бу ерда танишинг)

Тадбиркорлик субъекти радарни ўрнатгач дастлабки икки йилда радар қайд этган жарималарнинг 50% ини олишга ҳақли. Икки йилдан кейин эса жарималарнинг 25% қисмига эгалик қилиши мумкин. Қолаверса, радар унга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлганлиги туфайли уни бошқа одамга сотиши ҳам мумкин бўлади.

9. Радарлар орқали чиқарилган жаримани бекор қилиш учун қаерга мурожаат қилса бўлади?

Радарлар орқали чиқарилган жаримани қонунга хилоф деб ҳисобласангиз ҳудудингиздаги жиноят судига ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

10. Жаримани бекор қилиш юзасидан судга ариза берилганда қанча давлат божи тўланади?

МЖтКнинг 315-моддасига асосан ушбу ҳолатда жарима қўллаш тўғрисидаги қарор юзасидан шикоят қилсангиз, давлат божи тўламайсиз.

МУҲИМ!: МЖтКнинг 332-1-моддасига кўра, жарима солиш тўғрисидаги қарор ҳуқуқбузарга топширилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида у жарима миқдорининг эллик фоизини ёки ўттиз кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади. Жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда эса шахс мазкур чегирмадан маҳрум бўлади.

Улашиш:

Бошқалар

14-декабр 2024, 07:32
2 619

Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида шахснинг судланганлик ҳолатини тугалланиши шартлари белгиланган.


4-декабр 2024, 10:53
2 108

Ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади

Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди.


2-декабр 2024, 12:51
1 068

Эр-хотин бир-бирига алимент тўлаш мажбурияти. Муҳим 5 жиҳат

Эр-хотин ажрашмаган тақдирда ҳам бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, иккинчи томон суд орқали алимент олиши мумкин.


8-декабр 2024, 09:29
957

Дунёдаги энг кичик ва энг катта Конституция қаерда?

Турли мамлакатлар Конституцияларининг қабул қилиниш жараёни билан боғлиқ бир нечта қизиқарли далиллар бор. Шундай давлатлар борки, уларнинг ҳозиргача конституцияси йўқ, аммо уларнинг орасида демократияни бошқарадиган вакиллари бор.