Ўзбекистон
12.12.2022
393
Оила муқаддас тушунча бўлиб, у кўп йиллик тарихга бориб тақалади. Ҳатто, ибтидоий жамоа тузуми даврида ҳам оилавий муносабатлар мавжуд бўлган, лекин у даврдаги оила ва оилавий муносабатларда ибтидоий тузум кўринишлари ўз аксини топган эди. Жамиятнинг ривожланиши билан мавжуд барча ижтимоий муносабатлар ҳам шаклланиб, ривожланиб борган. Шу жумладан оила ҳам. Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади. Дарҳақиқат, оила ҳар доим жамият муҳофазасида бўлган. Оиланинг жамият томонидан муҳофаза қилинишига дунё миқёсида тан олинаётган инсон ҳуқуқларига оид бўлган ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам асосий таянч вазифасини ўтамоқда. Бундай ҳуқуқий ҳужжатлар, энг аввало, давлатларнинг Конституцияси ва асосий қонунлари ҳисобланади. Лекин, дунёда мавжуд бўлган барча Конституцияларда ҳам оила ва оилавий муносабатларга етарлича эътибор берилмаган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14-боби (63-66-моддалар) бевосита оилага бағишланганлиги, бундан ташқари, оилавий муносабатларни тартибга солувчи махсус қонун ҳужжатлари, хусусан Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг қабул қилинганлиги фикримизни тасдиқлайди. Шунингдек, оиланинг шахс, жамият ва давлат ҳаётида ўрни ва ҳамиятини жуда юқори эканлигини инобатга олган ҳолда, оила доирасида ва оилага қарши содир этиладиган жиноятларни олдини олиш, бундай жиноятларга қарши курашиш давлатнинг жиноят-ҳуқуқий муҳофазаси доирасига киритилганлиги ҳам алоҳида эътиборни жалб этади. Маълумки, оила-турмуш муносабатлари доирасидаги муаммолар ўзининг кўп қирралилиги билан ажралиб туради. Бу борадаги муаммоларни ўрганиш, илмий тадқиқ этиш, айниқса бугунги кунда ўта долзарб масала ҳисобланади. Шарқ мутафаккирларининг бизларга қолдирган бой илмий-маданий меросларида ўзбек халқининг оила-турмуш қоидалари, ундаги катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, оила аъзолари ўртасидаги ижтимоий муносабатлар жараёнидаги маданият, айниқса, эр-хотин муносабатлари тўғрисидаги инсон тарбиясида ахлоқий аҳамиятга эга бўлган фикр мулоҳазалар, таълимотлар мавжуд. Мазкур муаммо буюк алломаларимиз Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, ат-Термизий ижодларида ҳамда тасаввуф фалсафасининг йирик намояндалари Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд, Нажмиддин Кубро тариқатларида ҳам кенг ёритилган. Ушбу масалага Бурҳониддин Марғиноний ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб, “жамиятнинг негизи ҳам, инсон руҳий-маънавий оламининг бешиги ҳам оиладир”, деб таъкидлаган эди. Зеро, азалдан инсонни ҳурмат қилиш ва улуғлаш халқимиз табиатига хос миллий қадриятдир. Қадимги тарихий манба ҳисобланмиш – зардуштийлик динининг муқаддас китоби “Авесто”да ҳам инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, ор-номуси, айниқса инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ғояси ўз аксини топган. Ушбу нодир манба инсоният ва илм-фан тараққиёти ҳамда инсоний қадриятларнинг ривожланишига ўзининг бетакрор ҳиссасини қўшган. “Авесто”да жиноят ва жазо, оила-никоҳ муносабатларига, бу муносабатлар жараёнида инсоннинг ҳуқуқларига алоҳида эътибор берилган. Оилада содир этиладиган зўравонлик кишилар ўртасидаги ижтимоий муносабатлар жараёнидаги тажовузкорликда намоён бўлади. Бу ҳолат кундалик оила-турмуш муносабатлари доирасида турлича тажовузкор хулқ-атворда намоён бўлади. Оиладаги зўравонлик шахсга қарши ноқонуний куч ишлатиш, калтаклаш, зўрлаш, мажбур қилиш, таъсир кўрсатиш, ўз ҳукмронлигини ўтказиш каби белгилар орқали ифодаланади. У асосан жисмоний ёки руҳий кўринишда бўлиши мумкин. Руҳий зўравонлик эса кўп ҳолларда қўрқитиш (бир шахсни иккинчи бир шахс томонидан қўрқитиб бўйсундириш, ўзини кўрсатиш ёхуд ўзига қарам қилиш) шаклида ифодаланади. Руҳий зўравонлик асабийлашишнинг маҳсули бўлиб, бир шахсни қўрқитиб ўзига бўйсундириш, унинг “ихтиёрига зид” ёки “тарбиялаш” мақсадларида қўлланилиши ҳам мумкин. У айбдорга унинг қариндошлари ёки яқин кишиларига нисбатан бевосита қўлланилишида намоён бўлади. Жиноят ҳуқуқи нуқтаи назаридан ҳар хил оғирлик даражасида баданга шикаст етказиш, калтаклаш ва бошқа жисмоний куч ишлатишни жисмоний зўравонлик деб баҳолаш лозим. Бизнингча, зўравонлик жисмоний куч ёки қўрқитиш билан амалга ошириладиган жиноий фаолиятдир. Бунда шахснинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид қилиш орқали ҳуқуқ ва эркинлиги поймол этилади. Мазкур ҳолатда таъсир этиш деганда, жабрланувчига унинг хоҳишига қарши амалга ошириладиган ва унга аниқ жисмоний ёхуд руҳий азоб берадиган, яъни зўравонлик ҳисобланадиган таъсир этишни тушуниш керак. Зўравонлик оқибатида шахснинг баданига салгина оғриқ етказадиган ва ҳатто ёқимсиз ҳис уйғотадиган ўзгаришни ҳам зўравонлик деб аташ мумкин. Зўравонликка фақат тананинг дахлсизлиги бузилишини эмас, балки шахсга тааллуқли ҳар қандай салбий хатти-ҳаракатни киритиш керак. Масалан, шахс устидан кулиш, туҳмат, ҳақорат қилиш кабилар шахснинг конституциявий ҳуқуқини поймол қилиши билан бирга, унга кўрсатилган руҳий зўравонлик ҳисобланади. Жисмоний таъсир кўрсатувчи зўравонлик ҳаракатлари қаторига, бизнинг фикримизча, инсон баданига куч билан таъсир қилишнинг ҳар қандай усули, яъни зарба беришда ифодаланмайдиган хатти-ҳаракатларни ҳам киритиш лозим. Масалан, сочдан тортиш, қўлни оғритиб ушлаш, тананинг бирор қисмини қисиш, оғриқ бериш, итариб юбориш ва ҳ.к. Зўравонликлар жумласига қийноққа солиш, яккалаб қўйиш, иродага қарши ҳаракат қилишга мажбурлаш ёки ундаш, ушлаб туриш, зўрлаш, тегажоғлик қилиш, таҳқирлаш ва хўрлаш кабиларни киритиш мумкин. Оиладаги жиноий зўравонликнинг қуйидаги турлари мавжуд: Жисмоний зўрлик жабрланувчига турли даражада тан жароҳатлари етказиш, уриш, жисмоний куч ишлатиш, жабрланувчининг қариндошларини, яқинларини ўлдириш, номусига тегиш ва ҳоказолар кўринишида бўлиши мумкин. Бунда оиланинг бир аъзоси томонидан бошқа аъзосига нисбатан қасддан унинг ҳаёти, соғлиғига ёки баданининг турли жойларига шикаст етказиш каби ҳатти-ҳаракатларни содир этилиб, қуйидаги кўринишларда намоён бўлади: шапалоқ тортиш, тепиш, турткилаш, мушт билан уриш; кучли зарб билан итариб юбориш; турли ўткир буюм ва нарсаларни отиш; қурол билан хавф солиш ёки яралаш; уйдан чиқишига жисмонан йўл қўймаслик; кечаси ухлашга қўймаслик. Руҳий зўрлик – жабрланувчига нисбатан жисмоний зўрлик ишлатиш, мол-мулкини нобуд қилиш ёки зарар етказиш ва жабрланувчи сир сақланишини истаган маълумотларни ошкор этиш ва ҳоказолар билан қўрқитиш[11]. Руҳий зўрлик ва жисмоний зўрлик бир-бирини тақозо этувчи ва бири иккинчисини тўлдиргандагина оқибат келиб чиқиши мумкин. Бунда қасддан оиланинг бир аъзоси томонидан бошқа аъзосининг шаъни ва қадр-қимматини камситиш орқали унинг рухиятига таъсир кўрсатиш, ҳис туйғуларини сўндирувчи ҳаракатлар қилиш, қўрқитиш ва ҳақоратлаш билан унинг руҳиятига шикаст етказувчи сўзлар ва ҳаракатларни содир этишда намоён бўлади: ҳиссиёт ва ҳис-туйғуларни тан олмаслик; устидан кулиши; жазо чораси сифатида унинг ҳиссиётларига эътибор бермаслик; ёлғон сўзлар айтиб, ундан ўзининг манфаати йўлида фойдаланиш; дўстлари ва қариндошларига хавф етказиш билан қўрқитиши ва улар билан алоқа қилишга йўл қўймаслик; у билан оммавий жойларга чиқишдан бош тортиш; оила бюджетини ўзи назорат остига олиши; қариндош уруғлар орасида шарманда қилиш; уйдан кетишини айтиб қўрқитиш; касал ёки ҳомиладор бўлганида унга ёрдам беришдан бош тортиш, тиббий ёрдам олишига қаршилик кўрсатиш. Хулоса қиладиган бўлсак, оиладаги зўравонликнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эгадир. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, оиладаги зўравонликларнинг олдини олишда барчамиз субъект сифатида қатнашишимиз лозим. Темуржан ЮСУПОВ, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси
Улашиш:
Бошқалар
Кўп қаватли уйларда иситиш мавсуми қачондан бошланади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари”га кўра, иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8°Сдан паст бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8°Сдан юқори бўлганда эса тамомланиши керак.
Нуқсонли товар алмаштириб бериладими?
Истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига доир камчиликларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт.
Йўл харакати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
Йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган, тасмаси бор йўлда ҳаракатланиши тақиқланган транспорт воситалари ушбу йўлдан фақат ёндош ҳудудга кириш ёки чиқиш мақсадида ёндош худуднинг кириш ёки чиқиш жойидан 50 метр масофада узуқ-узуқ чизиқли жойгача ёхуд яқин масофадаги узуқ-узуқ чизиқли жойгача ҳаракатланиши мумкин.
Ишончнома тушунчаси, шакли ва уни расмийлаштириш тартиби
Ишончнома — бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.
Бола отаси билан кўришишни хоҳламаса судга қарши даъво киритиш мумкинми?
Ҳадя қилинган мулкдан улуш талаб қилиш мумкинми?
“Dok-1 Мaks” жиноят иши: жабрланувчилардан бири 10 млрд сўм товон пули талаб қилди
10 ноябрь куни давом этган “Dok-1 Maks” иши бўйича навбатдаги суд мажлисида жабрланувчилар судланувчиларга энг оғир жазо берилишини сўраб, моддий ва маънавий зарар ундирилишини талаб қилган.
“DOK-1 MAKS” жиноят иши: эксперт эксгумация қилиш бефойда эканини айтди
Бугун, 3 ноябрь куни Тошкент шаҳар судида “Dok-1 Maks” иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.