Ўзбекистон
24.10.2023
4 973
Судга мурожаат қилиш тартиби қандай? Масалан, ҳоким устидан арз қилинганда қайси судга борилади-ю, алимент ундиришни қайси суд кўриб чиқади? Ишлар нечта босқичда кўрилади? Судга бериш қанчага тушади? Давлат божини кимлар тўламайди? Hudud24.uz қуйида судга мурожаат қилишда билиш лозим бўлган энг муҳим масалаларга эътибор қаратади. 1. Судга мурожаат қилиш шакллари қандай? Бузилган ҳуқуқингизни тиклаш ва қонуний манфаатларингизни ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилмоқчи бўлсангиз, ишнинг судга тегишлилиги ва унинг туркумига қараб даъво аризаси, ариза, шикоят, илтимоснома каби ҳужжатлар орқали мурожаат қилишингиз мумкин. Ишнинг судга тегишлилиги деганда, муайян ишни кўриб чиқиш ваколати қайси судга тааллуқли бўлиши тушунилади. Масалан, ҳокимнинг қарори устидан арз қилмоқчи бўлсангиз, маъмурий судга мурожаат қилишингиз керак. Алимент ундириш бўйича ишларни фуқаролик судлари кўриб чиқади. • Фуқаролик ва иқтисодий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича судга даъво аризаси шаклида мурожаат қилинади. • Фуқаролик ва иқтисодий ишларда буйруқ тартибида (низосиз талаблар бўйича) ҳамда алоҳида тартибда иш юритишда, шунингдек низоли масалалар бўйича маъмурий ишларда биринчи инстансия судларига ариза билан мурожаат қилиш мумкин. • Апеллация ва кассация инстансиялари судлари учун фуқаролик, иқтисодий маъмурий ишлар бўйича шикоят (протест) шаклида мурожаат қилиниши керак. Юқоридаги ҳужжатлар намуналарини бу ердан олишингиз мумкин. Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон шаклда https://exsud.sud.uz сайти орқали юборилиши ёки бевосита суднинг ўзига олиб бориб берилиши мумкин. 2. Судда ишлар қайси босқичларда кўриб чиқилади? Амалдаги тартибга мувофиқ қуйидаги босқичларда суд ишлари кўриб чиқилади: биринчи инстанция, апелляция, кассация ва такрорий кассацияда. Иш судда биринчи босқичда кўриб чиқилаётган бўлса, уни биринчи инстанция сифатида барча бўғин судлари ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиши мумкин. Айтайлик, биринчи инстанция судининг чиқарган қарорига норозисиз. Энди бунинг устидан юқори турувчи судлов бўғинига апелляция тартибида шикоят юбора оласиз. Апелляция судининг ҳам қарори маъқул бўлмади, бунда кассация тартибида Олий суд ишни кўриб чиқа олади. Дейлик, кассация босқичида ҳам масалангизга қониқарли ечим топа олмадингиз, яна бир имкон бор– такрорий кассация инстанцияда иш кўриб чиқилиши учун арз қилиниши мумкин. 3. Судга мурожаат қилиш қанчага тушади? “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, судга ариза, даъво аризаси ёки шикоятлар билан мурожаат қилишда давлат божи тўланиши талаб этилади. Давлат божининг миқдори талаб қилинаётган даъво баҳоси ва қонунда белгиланган ставкадан келиб чиқади. Мисол учун, мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан даъво баҳосининг 4 фоизи миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўлов амалга оширилиши керак. Айтайлик, шартнома бўйича 10 миллионлик маҳсулот етказиб берилиши керак эди, бироқ келишув бажарилмади. Бу ерда даъво баҳоси – 10 миллион сўм, унинг 4 фоизи 400 минг сўм ҳисобланади. Демак, даъвогар томон, аввало, 400 минг сўм тўлов қилиши ва унинг квитанциясини даъво аризасига илова қилган ҳолда судга тақдим этиши керак. Давлат божи ставкалари билан батафсил бу ерда танишишингиз мумкин. “Шу билан қутиларканман”, дейишга ҳали бор. Иш судда кўриб бўлингач, тегишли тарафдан суд чиқимлари ҳам ундирилади. Булар туркумига почта, видеоконференцалоқа харажатлари, судга эксперт, таржимон, мутахассислар, гувоҳлар, таржимонларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар ва бошқа чиқимлар киради. 4. Кимлар давлат божини тўламайди? Давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг рўйхати “Давлат божи тўғрисида”ги Қонун билан белгиланади. Масалан, фуқаролик ишларида алиментлар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан, иш ҳақини ундириш тўғрисидаги даъволар ва меҳнат ҳуқуқлари муносабатларидан келиб чиқадиган бошқа талаблар юзасидан, истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ даъволари юзасидан давлат божи тўланмайди. Шунингдек, маъмурий ишларда тадбиркорлар тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат бошқаруви органларининг устидан арз қилганда, иқтисодий ишларда эса Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб берган даъволаридан давлат божи ундирилмайди. Бу рўйхат узун, тўлиқ бу ерда танишишингиз мумкин.
Неъматулло Замонов,
Hudud24.uz колумнисти.
Улашиш:
Бошқалар
2025 йил 1 апрелдан айрим йўналишларда фаолият юритувчи хўжалик субъектларга берилган эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади
“ЎзИнжиниринг” лойиҳа институтининг инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.
Жамоавий меҳнат низоларини медиатор иштирокида ҳал этиш тартиби қандай?
Медиатор жамоавий меҳнат низосининг тарафларидан ушбу низога тааллуқли зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўрашга ҳамда олишга ҳақлидир.
Ҳар бир ҳудудда реновация жамғармалари ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни шаҳарсозлик реновациясининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Кимошди савдосини ташкил этиш ва уни ўтказиш тартиби қандай?
Аукционлар ва танловлар очиқ ва ёпиқ бўлиши мумкин. Очиқ аукционда ва очиқ танловда хоҳлаган шахс қатнашиши мумкин.
Суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабуллар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида давом этади
Янги йилдан суд тизимида нималар ўзгаради?
“Dok-1 Мaks” жиноят иши: жабрланувчилардан бири 10 млрд сўм товон пули талаб қилди
10 ноябрь куни давом этган “Dok-1 Maks” иши бўйича навбатдаги суд мажлисида жабрланувчилар судланувчиларга энг оғир жазо берилишини сўраб, моддий ва маънавий зарар ундирилишини талаб қилган.
“DOK-1 MAKS” жиноят иши: эксперт эксгумация қилиш бефойда эканини айтди
Бугун, 3 ноябрь куни Тошкент шаҳар судида “Dok-1 Maks” иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.