currencies image

12 844,21 UZS

11,72

usd

currencies image

13 508,26 UZS

62,46

eur

currencies image

127,35 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликлар“Тергов сири”. Журналистлар тергов маълумотларини кимдан ва қандай олиши мумкин?

“Тергов сири”. Журналистлар тергов маълумотларини кимдан ва қандай олиши мумкин?

Ўзбекистон

calendar

05.06.2023

eye

2 400

“Тергов сири”. Журналистлар тергов маълумотларини кимдан ва қандай олиши мумкин?

Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган кўплаб янгиликлар (масалан, тақиқланган нашида тарқатган болага нисбатан жиноят иши қўзғатилиши, 12 яшар қизнинг ўлими, 3 нафар боласи билан ўзини 9-қаватдан ташлаган аёл ва ҳ.к) кенг жамоатчиликда катта қизиқиш ва қизғин муҳокамаларни келтириб чиқармоқда. Шундай вақтларда, табиийки, журналистлар воқеа тафсилотларини билиш, ёритиш учун тергов органлари ва процесс иштирокчиларидан маълумот олишга ҳаракат қилади. Аммо аксар ҳолатда уларнинг ҳаракатлари бундай маълумотлар “тергов сири” эканлиги важи билан самарасиз якунланмоқда. Хўш, тергов сири нима? Журналистлар тергов маълумотларини кимдан ва қандай шартларда олиши мумкин? Журналистлардан маълумотлар манбасини ошкор қилишни талаб қилиш мумкинми? Бундай вазиятларда журналистлар дахлсизлик ҳуқуқига эгами? Қандай ҳолатларда суд ишларида журналистларнинг иштироки чекланиши мумкин? Тергов сири нима? Аксар вазиятларда жиноят тафсилотларини очиқлашни рад этиш учун асосий важ сифатида фойдаланиб келинаётган бўлишига қарамай ҳеч бир қонунчилик ҳужжатида тергов сири тушунчаси учрамайди. Яъни тергов сири деганда айнан нима тушунилиши, хусусан, маълумотларни тергов сири деб топиш учун асослар белгиланмаган. Фақат тергов материалларида расмийлаштирилган маълумотларми ёки жиноят иши бўйича ҳар қандай маълумот тергов сири бўладими деган саволга ойдинлик киритилмаган. Хўш, унда билиш, ошкор этиш тақиқланаётган тергов сири деганда нимани тушунишимиз керак? Жиноят-процессуал кодекси ва Жиноят кодексида рухсатсиз очиқлаш мумкин бўлмаган ахборот ҳақида гап кетганда суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотлари тилга олинади. Суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотлари деб, одатда, тергов жараёнларида олинган, сўроқ, юзлаштириш, тинтув, тергов эксперименти баённомалари, экспертиза материаллари ва бошқа ҳужжатларда мавжуд маълумотларга айтилади. Терговни олиб бораётган шахс жиноят ишидаги барча маълумотларни ёки унинг бир қисмини ошкор қилинмайдиган деб эътироф этишга ҳақли. Процесс иштирокчиларидан (масалан, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ ва бошқалар) бундай маълумотларни унинг рухсатисиз ошкор қилмаслик тўғрисида мажбурият юклатилгани ҳақида тилхат олиши мумкин. Тилхатда, шунингдек, маълумотларни рухсатсиз очиқланганлиги учун жиноий жавобгарлик мавжудлиги тўғрисида огоҳлантирилади. Шундан келиб чиқиб, хулоса қилишимиз мумкинки, “тергов сири” бу тергов материалларида расмийлаштирилган, терговни олиб бораётган шахс томонидан ошкор қилинмайдиган деб эътироф этилган ва рухсатсиз очиқланиши учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилган маълумотлар саналади. Агар процесс иштирокчилари огоҳлантирилмаган бўлса ёки жиноят тафсилотлари тергов материалларида расмийлаштирилмаган бўлса, бундай маълумотни ошкор қилиш мумкин. Шунингдек, терговга қадар текширув материаллари тергов сири ҳисобланмайди. Процесс иштирокчиларидан тергов маълумотларини олиш мумкинми? Жиноят иши деганда кўз олдимизга одатга гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи ва гувоҳ келади. Аммо жиноят процесси иштирокчилари доираси кенгроқ. Унда юқорида саналганлардан ташқари, ҳимоячи, фуқаровий даъвогар ва жавобгар, қонуний вакиллар, эксперт, мутахассис, таржимон ва холислар ҳам иштирок этади. Жиноят процессининг ушбу иштирокчилари уларнинг ишдаги ҳолатига қараб турли ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Хўш, ушбу иштирокчилардан қай бири тергов маълумотларини ошкор қилиши мумкин ва қандай шартларда? Жиноят-процессуал кодекси бу масалада фақат гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон ва холисларга маълум мажбуриятларни юклайди. Хусусан, дастлабки суриштирув ва тергов материалларини суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг рухсатисиз ошкор этмаслик керак. Ҳаттоки, ҳимоячи ҳам ўз вазифасини амалга ошириши муносабати билан билган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас. Процесснинг бошқа иштирокчиларига бевосита бундай мажбурият қўйилмаган. Унда гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи ҳамда фуқаровий даъвогар ва жавобгар тергов маълумотларини монеликсиз очиқлаши мумкин (ми)? Хулоса қилишга шошилмаймиз. ЖПКнинг 271-моддасида процесс иштирокчилари томонидан суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини ошкор қилганлик учун, агар улар маълумотларни ошкор қилмаслик ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор томонидан огоҳлантирилган бўлсалар, жиноий жавобгарлик борлиги эслатиб ўтилади. Савол туғилади –  бу ерда процесс иштирокчилари деганда айнан ким назарда тутилган? Жиноят процессининг барча иштирокчиларими (шу жумладан, гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи)? Ёки фақатгина жавобгарлик тўғрисида бевосита огоҳлантирилган иштирокчиларми (масалан, гувоҳ, эксперт)? Кўриниб тургандек, модда таҳриридан ушбу масала аниқ ва яққол англашилмайди. Хулоса қилишимиз мумкинки, журналистлар процесс иштирокчиларидан тергов маълумотларини фақатгина терговни амалга ошираётган шахс розилиги билан олиш мумкин. Агар бундай маълумотлар тергов материалларида расмийлаштирилмаган бўлса ёки уларни тарқатмаслик ҳақида огоҳлантирилмаган бўлса, розилик талаб этилмайди. Масалан, Тошмат – жабрланувчи. У жиноят ишига расмий тарзда жабрланувчи сифатида жалб қилинди. Сўроқдан кейин терговчи Тошматдан сўроқ баённомасига туширилган маълумотларини тарқатмаслигини сўради ва агар тарқатса, жазоланиши ҳақида огоҳлантирди. Энди у журналистларга интервью бера олмайди. Эшмат – жабрланувчи. Бироқ у ҳали терговга жалб этилмаган. Эшмат журналистларга интервью бериши мумкин. Чунки уни ҳали терговга чақирилмаган, ундан кўрсатув олинмаган, маълумотлар тергов материали сифатида расмийлаштирилмаган. Ғишмат – гувоҳ. У журналистларга интервью бериши мумкин. Чунки терговчи унинг кўрсатувларини ошкор қилинмайдиган деб эътироф этмади, уни тергов маълумотларини тарқатмаслик тўғрисида огоҳлантирмади. Журналистлар маълумотлар манбасини айтмаса-чи? Терговчи билиб ўтирибдими? Балки сизнинг ҳам хаёлингизга келгандир: журналистлар процесс иштирокчиларидан маълумот олиб, уларнинг манбасини айтмаса-чи? “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, фуқаролар ёки бошқа ахборот манбалари томонидан ўз номини ошкор этмаслик шарти билан ихтиёрий равишда маълум қилинган махфий хабар, шунингдек факт ёки воқеалар журналистика соҳасининг сири ҳисобланади. Журналистлар бундай маълумотларни манбанинг розилигисиз ошкор этиши тақиқланади. Демак, журналистлар маълумотлар манбасини сир сақлаши мумкин. Аммо қонунчилик бу борада яна бир бошқа тартибни ўрнатади. Жиноят-процессуал кодексида суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан аниқланаётган ҳолатлар ўзида касб сирини акс эттирганлигини баҳона қилиб, кўрсатув беришдан бош тортишга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Масалан, ўзи эълон қилган материаллар бўйича гувоҳ сифатида терговга жалб қилинадиган бўлса, журналист бу маълумотларни улар манбаининг розилигисиз ошкор этолмаслигини асос қилиб, гувоҳлик беришдан бош тортолмайди. Бундан вазиятларда Жиноят-процессуал қонунчиликнинг ушбу қоидаси журналистика соҳасининг сирини амалда инкор қилади. Масалан, Тошмат (жабрланувчи) ўзидан эшитганлигини ҳеч кимга айтмаслик шарти билан журналистга интервью берди. Журналист ўзининг материалидаги жиноят тафсилотлари бўйича гувоҳ сифатида терговга жалб қилинди. Шу вазиятда журналист Тошматга берган ваъдаси ва маълумотлар журналист сири эканига қарамай манбани айтишга мажбур. Бошқаларда қандай? Хўш, бу борадаги вазият бошқа давлатларда қандай? Авваламбор, шуни айтиш керакки, маълумотлар манбасини очиқлаш ёки очиқламаслик масаласи барча даврда ва давлатда нозик ва баҳсли масалалардан бири саналади. Чунки маълумотлар манбаси терговга маълум бўлмаган тафсилотларни ўзи ичига олиши, жиноятлар фош этилишига ёрдам бериши мумкин. Матбуот эркинлиги бўйича мухбирлар қўмитаси (The Reporters Committee for Freedom of the Press)нинг маълумотларига кўра, биргина АҚШда 1950-2019 йилларда 48 та журналист маълумот манбасини ошкор қилмаганлиги учун жаримага тортилган ёки озодликдан маҳрум қилинган. Масалан, Daily Emerald таҳририятининг бош муҳаррири Аннет Бьюкенен Орегон университети кампусида марихуана истеъмоли ҳақидаги мақоласидан сўнг у тақиқланган моддаларни истеъмол қилаётган талабаларнинг шахсини очиқламаганлиги учун жаримага тортилган. Яна бир мисол, Австралия ўзининг полициядаги манбасидан тезкор тадбир ҳақида хабар топган журналист мухбир ва операторларни жўнатади. Улар тезкор тадбирни тасвирга олишга муваффақ бўлишади. Полиция журналистдан маълумот манбасини талаб қилади ва рад жавобини олади. Охир-оқибат, журналистга 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутувчи модда билан иш қўзғатилиб, иши судга оширилади. Англия ва Уелс қонунчилигига кўра, журналистика соҳасининг сири Полиция ва жиноий далиллар тўғрисидаги қонун билан ҳимояланган. Аммо зарурат туғилган тақдирда полиция маълумотлар манбасини очиқлаш лозимлиги ёки бунга эҳтиёж йўқлигини аниқлаш учун судга ариза киритади. Хуллас, бу масала аксарият давлатларда баҳсли бўлиб, бир қанча фильмлар мавзусига ҳам айланган. Қандай ҳолатларда суд ишларида журналистларнинг иштироки чекланиши мумкин? Жиноят ишлари бўйича суд жараёнлари ишнинг тоифасига қараб очиқ ёки ёпиқ тартибда кўрилади. Ҳар бир суд жараёни бошланишидан олдин унинг қандай тартибда кўрилиши эълон қилинади. Очиқ тартибдаги суд мажлиси залларига журналистлар ҳеч қандай монеликсиз кириш ҳуқуқига эга. Аммо шундай тоифадаги ишлар ҳам бўлиб, улар ёпиқ тартибда кўрилади. Хусусан, давлат сирлари, жинсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар кўрилаётган ҳоллар. Шунингдек, вояга етмаган шахсларнинг жиноятлари, кишиларнинг шахсий ҳаёти ёки шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик мақсадида ҳамда жабрланувчининг, гувоҳнинг ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг, худди шунингдек улар оила аъзоларининг ёки яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш тақозо этилган ҳолларда бошқа ишларни суд ажрими билан ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилади. Шу билан бирга, жиноят-процессуал қонунчилигида айрим турдаги тергов ҳаракатлари бўйича ишлар, масалан, мурдани эксгумация қилиш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисида илтимосномалар фақат ёпиқ суд тартибида кўриб чиқилади. Судларда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши принципини чеклайдиган қўшимча талабларни жорий этиш тақиқланади. Олий суднинг тушунтиришича, процесс иштирокчиси бўлмаган шахслар, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларининг очиқ суд мажлисида қатнашишини чекловчи ёки уларга монелик қилувчи шароит яратилиши ман этилади. Бундай ҳолат процессуал қонун бузилиши деб ҳисобланади ва қонунда белгиланган жавобгарлик келиб чиқишига сабаб бўлади. Аммо ушбу ҳаракатларни қонунбузилиши деб топилганлигига қарамай, суд биносига киришни ноқонуний рад этганлик учун ҳеч қандай жавобгарлик назарда тутилмаган. Тергов маълумотлари сир сақланиши керакми? Тергов маълумотлари қанча сир тутилса, жамоатчиликда процесснинг нохолис ва шаффоф эмаслиги ҳақида шунча кўп фикр уйғонади. Чунки, биламизки, ноқонуний иш қилаётган киши ҳар доим ҳаракатларини бошқалардан яширишга уринади. Аммо тергов жараёнида қатор омиллар бўлиб, ишдаги материаллар сир сақланишини талаб қилади. Бундай омилларга мисол сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин: Тергов яхлитлигини таъминлаш. Тергов маълумотларининг ошкор қилинмаслиги унинг яхлитлигини сақлашга ёрдам беради. Давом этаётган тергов тафсилотлари оммага ошкор бўлиши тергов натижасини хавф остига қўяди. Масалан, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки бошқа процесс иштирокчилари хатти-ҳаракатларини ўзгартириши, далилларни йўқ қилиши ёки терговга тўсқинлик қилиш учун бошқалар билан тил бириктириши мумкин. Процесс иштирокчиларини ҳимоя қилиш. Тергов маълумотларининг махфийлиги процесс иштирокчилари, масалан, жабрланувчи ва гувоҳнинг ҳуқуқлари ва шахсий ҳаётини ҳимоя қилади. Бу уларга жамоатчилик босими, тақиб ва зўравонликдан қўрқмасдан кўрсатув бериш имконини беради. Холисликни таъминлаш. Маълумотларни махфий сақлаш орқали терговчилар тергов йўналишини ўзгартириши мумкин бўлган тарафкашлик ёки ташқи таъсирларнинг олдини олишлари мумкин. Бу уларга объектив далиллар тўплаш ва жамоатчилик фикри ёки босимдан кўра фактлар асосида холис қарор қабул қилиш имконини беради. Давом этаётган ёки навбатдаги тергов ҳаракатларини ҳимоя қилиш. Битта тергов ҳаракати давомида тўпланган маълумотлар навбатдаги тергов ҳаракатларида ҳақиқатни аниқлаш учун фойдаланиши мумкин. Масалан, илгари сўроқ қилинган икки шахс кўрсатувлари ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар бўлганда бу қарама-қаршиликларнинг сабабини аниқлаш учун юзлаштириш тергов ҳаракатида ўтказилади. Тергов маълумотларининг ошкор этилиши ушбу икки шахс кўрсатувларидаги қарама-қаршиликларни бартараф этиши учун янги тафсилотларни ўйлаб топишига имкон яратади. Бу эса кейинги тергов ҳаракатларининг самарасини кескин камайтиради. Хулоса ОАВ ҳам, тергов-суриштирув органлари ҳам ўзининг ишини қилмоқда ва бу жараёнда ҳар бир томон ўз вазифасини профессионал даражада бажаришга интилиши табиий. Бироқ бу қонун доирасида ва томонларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда амалга оширилиши керак. Тергов жараёнида турли чалкашликларни олдини олиш учун “тергов сири”ни тарқатмаслик ҳақида огоҳлантириладиган ва огоҳлантирилмайдиган процесс иштирокчилари доираси аниқ белгиланиши лозим. Шунингдек, маълумотлар махфийлигини сақлаш тергов тақдири учун муҳим бўлса-да, бундай махфийлик мутлақ бўлмаслиги керак. Тергов жараёнларида шаффофликни таъминлаш, адолатга бўлган ишончни ошириш учун тергов натижасига путур етказмайдиган маълумотлар очиқланиши, жамоатчилик мунтазам хабардор қилиб турилиши лозим. Ўз навбатида, журналистлар ва жамоатчилик фаоллари турли жиноятларга доир мустақил суриштирув ишларини олиб боришда тергов сири нима учун муҳимлигини тушунишлари, унга нисбатан масъулият билан ёндашишлари керак.

Муроджон Нажмиддинов,

ҳуқуқшунос

Улашиш:

Бошқалар

26-ноябр 2024, 12:47
2 173

Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-999-сон, 15.11.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг  айрим моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.


18-ноябр 2024, 05:34
1 874

Юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари рағбатлантирилади

Қонунга кўра, юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар бўйича (бундан ҚҚС мустасно) ортиқча тўланган суммани қайтариш 3 кунлик муддатда амалга оширилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 791

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 691

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.

Мавзуга доир янгиликлар: