Ҳуқуқ
27.05.2025
530

Ўзбекистонда рақамли маркировка жараёнлари янги босқичга чиқмоқда. Президент қарори билан (ПҚ-190-сон, 23.05.2025 й.) товарларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимида муҳим ўзгаришлар киритилди. Янги тартиблар тадбиркорлар учун қандай имконият ва мажбуриятларни тақдим этади? Қоидабузарликлар қандай жазоланади?
1. Маркировка кодларини маҳсулотларга қўллаш ва тўлов тартиби қандай ўзгарди?
Тадбиркорлар олган маркировка кодларини маҳсулотларга қўллаш учун белгиланган 90 календарь кунлик муддатни бекор қилинди. Шунингдек, фойдаланилмаган маркировка кодлари учун қилинган тўловлар янги маркировка кодларини сотиб олишда ҳисобга олинади.
Маркировка кодлари маҳсулотга бевосита қўллангандан кейин улар учун тўловни амалга оширилади. Яъни, аввал кодни маҳсулотга қўясиз, кейингина тўлов қилиб, ишни расмийлаштирасиз.
Рақамли маркировкаланган маҳсулотларни агрегациялашда қўлланадиган маркировка кодлари бепул берилади.
Маркировка бўйича тадбиркорарнинг мурожаатларини тезкор ҳал этиш мақсадида 24 соат ишлайдиган “Call-марказ” фаолияти йўлга қўйилади.
2. 2025 йил 1 июлдан қайси талаблар кучга киради?
2025 йил 1 июлдан импорт қилувчи ташкилот томонидан Ўзбекистонга олиб кирилган дори воситаларини сотиш тўғридан-тўғри ёки расмий дилерлар орқали электрон ҳисобварақ-фактура асосида амалга оширилади.
Рақамли маркировкаланган маҳсулотларни улгуржи сотиш фақат нақд пулсиз шаклда банк ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.
Рақамли маркировка қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси ташкил этилади.
Инспекция рақамли маркировкаланган маҳсулотлар айланмасининг барча босқичларида тизимли назоратни таъминлайди.
Мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотлар турини босқичма-босқич кенгайтириб боради.
Шунингдек мажбурий рақамли маркировкалаш тизими талаблари бузилишининг олдини олиш бўйича профилактика ва тушунтириш чора-тадбирларини амалга оширади, огоҳлантириш тизимини қўллайди.
3. Қоидабузарлик ҳолатларида қандай чоралар кўрилади?
2025 йил 1 сентябрдан хавфни таҳлил қилиш тизимида мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатлари солиқ хавфи даражасини юқори деб баҳолаш учун асос бўлади.
Мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларни реализация қилишда маркировка коди бириктирилмаган электрон ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришга йўл қўйилмайди.
4. Маркировкалаш бўйича солиқ текшируви қандай ишлайди?
2026 йил 1 январдан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатларини солиқ органи ахборот тизими орқали аниқлаш бўйича масофавий солиқ текширувини ўтказиш тартиби жорий этилади.
Бунинг учун текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома олиш талаб этилмайди.
Мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланганда қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида огоҳлантириш берилади.
Иккинчи марта огоҳлантириш берилгандан сўнг қоидабузарлик ҳолатлари аниқланганда жарима қўлланади.
Жарима қўлланилган тадбиркорга бир йил қўшилган қиймат солиғи суммасининг ўрни қопланмайди.
5. Фармацевтика соҳасида қандай лицензиялаш талаблари кучайтирилди?
2025 йил 1 сентябрдан фармацевтика фаолиятини ҳамда дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялаш талабларига қуйидаги қўшимча шартлар киритилади:
лицензия беришда фаолиятини бошлаш учун кўчмас мулк бўйича ижара ёки текин фойдаланиш шартномаси солиқ органларида ҳисобга қўйилганлиги;
харидорлардан тўловларни қабул қилиш бўйича электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш имконияти яратилганлиги;
солиқ текширувларида ҳужжатсиз (яъни контрафакт) ёки маркировка қилинмаган дори воситаларини сотиб олиш, ташиш, сақлаш ёки сотиш ҳолатлари аниқланса, солиқ органлари бу ҳақда лицензия берган органга маълумот беради. Шу асосда, дори воситалари билан шуғулланувчи субъектнинг лицензияси вақтинча тўхтатилиши мумкин.
Hudud24.uz колумнисти
Дилмурод Ражабоев
Улашиш:
Бошқалар
Дорихоналарда тез-тез учрайдиган ёзув: “сотиб олинган дори воситалари қайтариб олинмайди”
Бироқ сифатсиз дори воситалари, шунингдек шифокор томонидан берилган рецептга номутаносиб тарзда дорихона томонидан реализация қилинган дори воситалари мазкур Низомга мувофиқ қайтарилиши лозим.
Никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартиби белгиланди
Низомга кўра, нотариуслар томонидан никоҳ шартномаси нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилади.
Давлат органлари ва ташкилотлари функцияларининг мазмун-моҳиятига бағишланган янги услубий қўлланма
Қўлланмада давлат органлари ва ташкилотларининг вазифа ва функциялари ўзаро боғлиқ тушунчалар экани тушунтирилади.
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа орқали ўтказса бўладими?
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш «E-notarius.uz» электрон портали ва «Notarius» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тартибга солинади.