currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларЎзбекистонда самолёт, поезд ва автобусларга ягона чипта тизими жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда самолёт, поезд ва автобусларга ягона чипта тизими жорий этилиши мумкин

Life Style

calendar

29.10.2026

eye

34

Ўзбекистонда самолёт, поезд ва автобусларга ягона чипта тизими жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда 2028 йил 1 январдан темирйўл, ҳаво, автобус ва шаҳар жамоат транспорти қатновларини бирлаштирувчи “Бир йўл” ягона миллий рақамли транспорт платформасини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасига кўра, платформа орқали йўловчилар турли транспорт йўналишлари, ҳаракат жадваллари, чипта нархлари ва мавжуд бўш ўринлар ҳақида маълумот олиши мумкин бўлади.

Шунингдек, сафарни “эшикдан эшиккача” тамойили асосида режалаштириш, ягона буюртма ва тўлов орқали электрон чипта ҳамда трансфер хизматларини расмийлаштириш имконияти яратилиши назарда тутилган.

Ягона чипта тизимини жорий этиш бўйича дастлабки синов лойиҳасини 2027 йил 1 июлдан амалга ошириш режалаштирилмоқда. Хусусан, Тошкент аэропорти—Урганч аэропорти—Хива темирйўл вокзали йўналишида ягона чипта тизимини синовдан ўтказиш таклиф қилинган.

Бундан ташқари, ички авиақатновларнинг ҳаракат жадвалларини ўзаро мувофиқлаштириш ҳам кўзда тутилган. Тошкент халқаро аэропорти орқали бошқа ҳудудларга учадиган йўловчилар учун қулай боғловчи рейслар ташкил этилиши мумкин.

Бунда бир рейснинг Тошкентга қўниши ва кейинги рейснинг учиши ўртасидаги вақтни аэропортнинг технологик жараёнлари ҳамда авиация хавфсизлиги талабларини ҳисобга олган ҳолда мақбуллаштириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, боғловчи авиақатновларга ягона электрон чипта расмийлаштириш, йўловчиларни якуний манзилгача рўйхатдан ўтказиш ва багажни оралиқ аэропортда қайта қабул қилмасдан якуний манзилга етказиш имкониятини яратиш таклиф этилган.

Ҳужжатда поездлар, самолётлар ва автомобиль транспорти ҳаракат жадвалларини сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда қайта ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилмоқда. Хусусан, автобусларнинг ҳаракат вақти поездлар ва авиақатновлар жадвалига мувофиқлаштирилади.

Мазкур таклифлар темирйўл, ҳаво ва автомобиль транспортида маҳаллий йўловчи ташувларини комплекс ривожлантириш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган стратегияни тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳасидан ўрин олган. Ҳужжат 11 ноябргача жамоатчилик муҳокамасида бўлади.

Улашиш: