hudud24.uz “Ёшлар дафтари”га киритилганлар учун қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар ва улардан фойдаланиш тартиби бўйича мақолаларни доимий равишда тақдим этиб келмоқда. Навбатдаги мақолада ёшларнинг армияга бориш харажатлари, ижара тўловларини қоплаш тартиби, тадбиркорлик учун кредитлар ҳақида батафсил тушунтириш берилади.
- “Бир ойлик армия” харажати тўлаб берилади
Ёшларга бир ойлик армия тўлови ёшлар етакчисининг тавсияси асосида тўлаб берилади.
Бунинг учун ёшлар ариза ва мудофаа бўлими берган шартнома нусхаси билан туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлимига мурожаат қилиш керак.
Ҳужжатлар 3 иш кунида маҳалладаги ёшлар етакчисига юборилади ва у 5 иш кунида ҳужжатларни кўриб чиқиб, армия харажатларини қоплаш ёки уни рад этиш ҳақида ёшлар ишлари бўлимига хабарнома юборади. Пул ажратиш рад этилганда у асослантирилган бўлиши лозим.
Ариза қаноатлантирилганда пул 3 иш кунида мудофаа бўлими ҳисоб рақамига ўткзиб берилади.
- Қўшимча уй қуришга кредит олинганида кафиллик берилади
Янги оила қурган ва никоҳи қайд этилганига 3 йилдан ошмаган ёшларга ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун 33 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратишда кафиллик берилади.
!!!Пул берилмайди, пул банкдан кредит қилиб олинади, кредитга кафиллик берилади.
Кафиллик олиш учун Ёшлар ишлари бўлимига ариза ҳамда банкнинг кафиллик бериш ҳақидаги хати билан мурожаат қилинади.
Ҳужжатлар 3 иш кунида маҳалладаги ёшлар етакчисига юборилади ва у 5 иш кунида ҳужжатларни кўриб чиқиб, кафиллик бериш ёки уни рад этиш ҳақида ёшлар ишлари бўлимига хабарнома юборади. Кафиллик бериш рад этилганда, у асослантирилган бўлиши лозим.
Кафиллик бериш қаноатлантирилганда, 3 иш кунида хат юборилади.
- Квартира ижараси қоплаб берилади
Ёш оилаларга 12 ойгача турар жой ижараси учун ҳар ойда БҲМнинг 3 бараваридан ошмаган миқдорда субсидия ажратилади.
Бунда эр-хотиннинг ҳар иккиси 30 ёшдан ошмаган (31 ёшга тўлмаган), ўзларининг номида уй-жойи бўлмаслиги, илгари имтиёзли ипотека кредити орқали уй-жой, субсидия ва бошқа имтиёзлар олмаган бўлиши керак.
Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун ёшлар ишлари бўлимига аризага илова қилиниб турар жой ижара шартномаси нусхаси ҳамда шартноманинг солиқда ҳисобга қўйилганлиги ҳақидаги билдиришнома берилади.
Бошқа барча маълумотлар ёшлар ишлари бўлими томонидан мустақил текширилади.
Ҳужжатлар 3 иш кунида маҳалладаги ёшлар етакчисига юборилади ва у 5 иш кунида ҳужжатларни кўриб чиқиб, субсидия ажратиш ёки уни рад этиш ҳақида ёшлар ишлари бўлимига хабарнома юборади. Субсидия бериш рад этилганда, у асослантирилган бўлиши лозим.
Субсидия бериш қаноатлантирилганда, ойлик ижара тўлови ҳар ойнинг 5 санасигача уй-жой эгасининг, яъни ижарага берган шахснинг пластик картасига ўтказиб берилади.
- 33 млн сўмгача нақд пулда кредит берилади
Ёшлар Савдо-саноат палатаси ва “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси томонидан 48 соатлик (ҳафталик) ўқув дастури асосида ўқув курсларида тадбиркорликка бепул ўқитилади.
Шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга “Микрокредитбанк” АТБ, “Агробанк” АТБ ва АТ “Халқ банки” филиаллари орқали:
– тадбиркорлик ташаббусига эга ёшларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача кредитлар гаровсиз;
– кичик тадбиркорлик субъектларига кафиллик асосида 225 миллион сўмгача кредитлар ажратилади.
Кредитларни илгари олинган кредитлар ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтаришга, шахсий эҳтиёж учун автотранспорт сотиб олишга, маъмурий харажатларни тўлашга, жумладан, автотранспорт воситасининг таъминоти, мебель, алоқа хизматлари тўлови ва уяли телефон сотиб олишга ҳамда қонунчилик ҳужжатлари ва Марказий банкнинг қоидаларига кўра тақиқланган фаолиятларга ажратишга йўл қўйилмайди.
Кредитлар ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари асосида 14 фоиз ставкада:
оилавий тадбиркорлик, даромад олишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларга – 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;
чорвачилик
(четдан келтирилган наслли қўй ва эчки), балиқчилик ва паррандачилик
(тухум йўналиши) учун – 1 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;
боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун – 3 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга ажратилади.
Имтиёзли давр дегани ўша давр мобайнида кредитга фоиз ҳисобланмайди.
Ёшларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш
(касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарур хом ашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш) мақсадида 5 миллион сўмгача миқдорда кредит нақд пулда берилиши мумкин.
Кредитлар “Ёшлар дафтари”да ҳисобда турган ёшларнинг қатъий навбатма-навбат мурожаат қилиши асосида Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона платформаси орқали ажратилади.
- Психологик маслаҳат олиш харажатлари қоплаб берилади
Психологик маслаҳатга муҳтож ёшларга психологик хизмат харажатларини қоплаш учун маҳалладаги ёшлар етакчисининг ижобий тавсияси асосида БҲМнинг 4 бараваридан ошмаган миқдорда субсидия ажратилади.
Психологик хизмат харажатларини қоплаш учун ариза маҳалладаги ёшлар етакчисига берилади.
Ёшлар етакчиси 3 иш кунида аризани ўрганиб ёшлар ишлари бўлимига қуйидаги ҳужжатларни юборади:
– психолог томонидан берилган ариза берувчининг психологик ёрдамга муҳтожлиги тўғрисидаги хулоса;
– психологик ёрдам кўрсатиш хизматини кўрсатувчи ташкилот ва ариза берувчи ўртасида тузилган шартнома нусхаси.
Мурожаатни ўрганиш натижалари бўйича 3 иш кунида субсидия ажратиш ҳақида қарор қабул қилинади ва хизмат кўрсатувчи ташкилот ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.
Дилмурод Ражабоев,
hudud24.uz колумнисти