ДЎтган сафарги мақолада “Ёшлар дафтари”га киритилганлар учун дастлабки 5 та имтиёз ҳақида маълумот берилган эди. Ёшларга бундан ташқари контракт пули, хорижий тил ўрганиш ва даволаниш учун ҳам субсидиялар берилиши мумкин. hudud24.uz “Ёшлар дафтари”га киритилганлар учун навбатдаги имтиёзларга тўхталади.
- Тадбиркорлик учун асбоб-ускуналар ёки меҳнат қуролларини харид қилишга субсидия
Тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга асбоб-ускуна ёки меҳнат қуролларини сотиб олиш учун БҲМнинг 40 бараваригача ҳоким ёрдамчисининг ижобий тавсияси асосида субсидия ажратилади.
Бундай асбоб-ускуналарга мотокультиватор, ўт ўриш ўроқ машинаси, перфоратор, пайвандлаш аппарати, ўсимликларга ишлов бериш қурилмаси, дурадгорлик, чилангарлик ускунаси, қурилиш ускунаси, компьютер жамланмаси ва бошқалар киради.
Субсидия олиш учун ёшлар ариза билан туман (шаҳар) ёшлар бўлимига асбоб-ускуна ёки меҳнат қуролларининг тури, миқдори, товарнинг маркаси, тахминий нархи тўғрисидаги маълумотларни бериши керак.
Мазкур ҳужжатлар 3 иш кунида ариза берган ёшлар яшайдиган маҳалладаги ҳоким ёрдамчисига юборилади.
Ҳоким ёрдамчиси 5 иш кунида субсидия ажратиш ҳақидаги тавсияни ёки рад этиш тўғрисидаги хабарномани ёшлар ишлари бўлимига юборади. Субсидия ажратиш рад этилганда, унинг сабаблари аниқ келтирилиши шарт.
Ҳоким ёрдамчиси аризани 5 иш кунида кўриб чиқмаса ёки тавсиянома беришни асоссиз рад этса, Васийлик кенгаши (ёшлар ишлари бўлими) ўз ташаббуси билан субсидия бериши мумкин.
Субсидия ажратиш маъқулланса, Ёшлар ишлари бўлими асбоб-ускуна ёки меҳнат қуролларини сотиб олади ва уни ариза берган ёшларга етказади.
- Ёшларнинг контракт пули қоплаб берилади
Ёшлар Ўзбекистондаги ҳар қандай, шу жумладан, давлат, хусусий, хорижий ОТМларда, техникум, коллежларда ўқиётган бўлса, контракт бўйича имтиёздан фойдаланиши мумкин.
Бундан ташқари, мазкур имтиёз фақат бакалавр эмас, магистратура босқичида ўқиётганларга ҳам берилади. Бунда бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки шакли, магистратуранинг фақат кундузги йўналиши бўлиши керак.
Контрактнинг 50 фоизигача қисми, бироқ БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорида қоплаб берилади.
Ариза Ёшлар ишлари бўлимига берилади ва унга ОТМ ёки бошқа таълим муассасаси берган контракт нусхаси илова қилиниши керак.
Ариза 3 иш кунида маҳалладаги ёшлар етакчисига кўриб чиқиш учун юборилади.
Ёшлар етакчиси 5 иш кунида контрактни қоплаш ҳақидаги тавсиянома ёки рад этиш тўғрисидаги хабарнома юборади. Тавсиянома бериш рад этилса, у асослантирилган бўлиши шарт.
Ёшлар етакчиси аризани 5 иш кунида кўриб чиқмаса ёки тавсиянома беришни асоссиз рад этса, Васийлик кенгаши (ёшлар ишлари бўлими) ўз ташаббуси билан контракт пулини ўтказиб бериши мумкин.
Ёшлар ишлари бўлими контрактни қоплаш ҳақида қарор қабул қилингандан сўнг 3 иш кунида уни ОТМ ҳисоб рақамига ўтказиб беради.
- Хорижий тилларни ўрганиш харажатлари қоплаб берилади
Замонавий касбларни эгаллаш, АКТ ва хорижий тилларни ўрганишга 6 ойгача ўқув курслари учун ёшларга ҳар ойда БҲМнинг 4 бараваригача ёшлар етакчисининг ижобий тавсияси асосида субсидия ажратилади.
Худди шунингдек, иқтидорли ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги ўқув курслари учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида субсидия ажратилади.
Субсидия олиш учун ёшлар ариза ва ўқиш шартномаси нусхасини Ёшлар ишлари бўлимига беради.
Шартномада таълим ташкилотининг номи, СТИР, ўқитиладиган замонавий касб, хорижий тил тури ёки ахборот технологиялар йўналиши, ўқув курсининг бир ойлик тўлови миқдори ва умумий муддати кўрсатилган бўлиши лозим.
Ариза 3 иш кунида ёшлар етакчисига юборилади ва ёшлар етакчиси 5 иш кунида кўриб чиқиб хулоса беради.
Субсидия ажратиш маъқулланса, курс харажатлари таълим ташкилоти ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.
Субсидия ёшларга нақд пул кўринишида ёки пластик орқали берилмайди.
Ёшлар етакчиси ариза берувчи ҳақиқатда ўқув курсида ўқиётганлигини ҳар ойда камида бир марта мониторинг асосида ўрганади. Мониторинг жараёнида ёшлар ўқишга бормаётгани аниқланса, субсидия ажратиш тўхтатилади.
- Олимпиада, танлов ва мусобақаларда қатнашиш харажатлари қоплаб берилади
Ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олимпиада, танлов ва мусобақаларнинг маҳаллий босқичларида қатнашиш учун иштирокчиларнинг яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 4 бараваригача ҳамда ушбу олимпиада, танлов ва мусобақаларнинг халқаро босқичларида қатнашиш харажатлари учун БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади.
Бунинг учун ариза ёшлар бўлимига мусобақада қатнашиш ҳуқуқини берувчи хат (спорт бўлими, мактаб ёки бошқа идора томонидан берилган хат) билан бирга берилади.
Ушбу субсидияни олиш учун маҳалладаги ёшлар етакчисининг тавсияси талаб этилмайди.
Ёшлар ишлари бўлими 3 иш кунида субсидия ажратиш масаласини ҳал қилади.
Бунда субсидия ҳаво транспортида – иқтисодий (эконом) класс бўйича, поездда эса – 2-класс бўйича ажратилади. Субсидия ёшларнинг қўлига берилмайди, пуллар чипта олинадиган ташкилотга ўтказиб берилади.
Кунлик харажатлар учун эса давлат ташкилотлари ходимлари хизмат сафарига юборилганда бериладиган
миқдорда субсидия берилади.
- Даволаниш харажатлари қоплаб берилади
Бемор ёшларга Ўзбекистонда ёки хорижий давлатларда даволаниш учун ёшлар етакчисининг ижобий тавсияси асосида БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдорда субсидия ажратилади.
Субсидия олиш учун ёшлар етакчисига ариза берилади ва ёшлар етакчиси бемор ёшларни 3 иш кунида ҳудудий тиббиёт муассасасидан шифокор жалб қилиб текширувдан ўтказади.
Текширув натижасида ариза берувчига тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати аниқланганда, ариза берувчининг соғлиғи ҳолатига қараб белгиланган тартибда даволаш учун тегишли бирламчи, вилоят ёки республика даражасидаги тиббиёт муассасасига йўналтирилади.
Ариза берувчи шифокор кўригидан ўтгандан сўнг маҳалладаги ёшлар етакчиси 3 иш кунида субсидия ажратиш ёки рад этиш ҳақидаги хабарномани ёшлар ишлари бўлимига юборади.
Ногиронлик белгилари аниқ намоён бўлган ёшлар белгиланган тартибда кўрикдан ўтиш учун Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларига юборилади.
Давлат бюджети ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиладиган имтиёзли тоифага кирадиган (ариза берувчининг ушбу тоифага кириши ёки кирмаслиги тиббиёт муассасаси хулосасига кўра аниқланади), вилоят ёки республика даражасида даволаниши лозим деб топилган «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар даволаниш учун белгиланган тартибда электрон навбатга қўйилиши таъминланади.
Ушбу тоифага кирмайдиган, бирламчи тиббий-санитария муассасаси томонидан вилоят, республика даражасида ёки хорижий давлатда даволаниши лозим деб топилган «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг даволаниши ёки жарроҳлик амалиётидан ўтиши билан боғлиқ харажатлар учун маҳалладаги ёшлар етакчисининг тавсиясига асосан “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ажратилади.
Дилмурод Ражабоев,
“Hudud24.uz” сайти колумнисти