currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларЙўллардаги радарлардан жарима келса, бекор қилиш мумкинми?

Йўллардаги радарлардан жарима келса, бекор қилиш мумкинми?

Ҳуқуқ

calendar

19.10.2026

eye

64

Йўллардаги радарлардан жарима келса, бекор қилиш мумкинми?

Радар қайд этган қоидабузарлик учун жарима келиши ҳар доим ҳам қарорга эътироз билдириш мумкин эмаслигини англатмайди. Агар ҳайдовчи қоидабузарлик содир этмаган бўлса, маълумотлар нотўғри қайд этилган ёки жарима қонунчилик талабларига мувофиқ расмийлаштирилмаган деб ҳисобласа, қарор устидан шикоят қилиш масаласини кўриб чиқиши мумкин. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 мартдаги 148-сон қарорида белгиланган талаблар ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Радарларни ўрнатиш учун қандай талаблар белгиланган?

Металл устуннинг шакли ва жойлашуви муҳим. Низомнинг 14-бандига кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш қурилмаларини жойлаштириш учун автомобиль йўлининг қатнов қисмига халақит бермайдиган ҳолда «I», «G», «Т» ёки «P» шаклидаги металл устунлар ўрнатилиши лозим. Устуннинг жойлашуви йўл ҳаракати хавфсизлигига тўсқинлик қилмаслиги керак.

Қурилма камида 6 метр баландликда ўрнатилиши керак. Низомнинг 15-бандида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари металл устунга 6 метрдан кам бўлмаган баландликда ўрнатилиши белгиланган. Демак, қурилманинг ўрнатилиш баландлиги ҳам белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши зарур.

Устунларни ўрнатиш ва келишиш ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Низомнинг 16-бандига мувофиқ, металл устунларни лойиҳалаштириш, ўрнатиш ҳамда тегишли давлат идоралари билан келишиш ваколатли орган зиммасига юклатилган. Бу жараён белгиланган тартибда амалга оширилиши керак.

Кузатув камералари ҳам ўрнатилиши лозим. Низомнинг 17-бандида радар қурилмалари ўрнатилган металл устунда умумий ҳолатни кузатиш ва қурилмалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 360 градус радиусдаги кузатув камералари ўрнатилиши назарда тутилган.

Устун билан тўхташ чизиғи орасидаги масофа техник хусусиятларга боғлиқ. Низомнинг 18-бандига кўра, металл устун ва транспорт воситасининг тўхташ чизиғи орасидаги масофа қурилманинг техник хусусиятлари, жой рельефининг мураккаблиги ҳамда муҳандислик коммуникациялари мавжудлигидан келиб чиқиб белгиланиши керак.

 

Ушбу талаблар бузилса, жарима бекор қилинадими?

Қурилманинг ўрнатилишидаги ҳар қандай камчилик жаримани автоматик равишда бекор қилишга асос бўлмайди. Бироқ қурилма белгиланган мажбурий талабларга жавоб бермаслиги аниқланса ва бу ҳолат қоидабузарликни қайд этишнинг ишончлилиги ёки жарима қарорининг қонунийлигига таъсир қилса, қарор устидан шикоят қилиш учун асос юзага келиши мумкин.

Масалан, радар қурилмаси белгиланган баландликдан паст ўрнатилгани аниқланса, бу ҳолатнинг ўзи жаримани бекор қилиш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Қурилманинг техник ҳужжатлари, ўрнатилиш тартиби, қайд этилган маълумотларнинг ишончлилиги ва талаб бузилишининг ҳуқуқий оқибатлари ҳам баҳоланиши лозим.

Ҳайдовчи радарнинг талабларга мувофиқлигини қандай текшириши мумкин?

Жарима олган ҳайдовчи, аввало, қарорда кўрсатилган сана, вақт, жой, транспорт воситасининг давлат рақами ва қоидабузарлик турини текшириши керак. Фото ва видео материалларни ҳам кўриб чиқиш муҳим.

Агар қурилманинг белгиланган талабларга мувофиқлигига шубҳа бўлса, унинг ўрнатилиши ва ишлашига оид маълумотларни ваколатли орган орқали аниқлаштириш мумкин. Жумладан, қурилманинг техник ҳужжатлари, метрологик текшируви талаб этиладиган ҳолларда тегишли ҳужжатлари ва қоидабузарликни қайд этиш материалларини текшириш масаласини кўтариш мумкин.

Шикоятда фақат «радар нотўғри ўрнатилган» деб ёзиш билан чекланмасдан, қайси банд талаби бузилгани, бу ҳолат қандай далиллар билан тасдиқланиши ва нима сабабдан жарима қарорининг қонунийлигига таъсир қилиши тушунтирилиши керак.

Хулоса: радар талабга жавоб бермаса, ҳуқуқингизни ҳимоя қилинг

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 мартдаги 148-сон қарорида радарларни ўрнатиш ва жойлаштиришга оид аниқ талаблар белгиланган. Агар ушбу талаблар бузилган бўлса, ҳайдовчи бу ҳолатни текширишни сўраши ва жарима қарорининг қонунийлиги устидан шикоят қилиши мумкин.

Бироқ қурилманинг баландлиги, кузатув камераси ёки телекоммуникация жавони билан боғлиқ ҳар қандай камчилик жаримани ўз-ўзидан бекор қилмайди. Асосий масала — аниқланган қоидабузарлик қарорнинг қонунийлигига таъсир қиладими ва уни бекор қилиш учун етарли ҳуқуқий асос мавжудми, деган саволга жавоб топишдир.

Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими

Улашиш: