Ҳуқуқ
21.10.2026
44

Кредит муносабатларининг кенгайиши кредит шартномаларини тузиш, бажариш ва улардан келиб чиқадиган низоларни суд тартибида ҳал этиш масалаларининг долзарблигини оширади. Шартнома қонун талабларига зид равишда тузилган, тарафнинг ҳақиқий хоҳиш-иродасини ифодаламаган ёки уни тузиш жараёнида қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатлар бузилган бўлса, унинг ҳақиқийлиги масаласи юзага келиши мумкин.
Мазкур масалада энг муҳим вазифа қарз олувчининг шартнома бўйича мажбуриятларни бажаришдан қочишини асоссиз равишда қўллаб-қувватламасдан, айни вақтда унинг иродасига қарши, алдаш ёки бошқа ғайриқонуний усуллар орқали расмийлаштирилган кредитдан келиб чиқадиган оқибатлардан ҳимоя қилинишини таъминлашдир.
Фуқаролик кодексининг 744-моддаси кредит шартномасининг асосий мазмунини белгилайди, 745-моддаси эса унинг шаклига нисбатан талабларни назарда тутади. Худди шу моддага мувофиқ, кредит шартномаси ёзма шаклда тузилиши шарт. Ушбу талабга риоя этмаслик кредит шартномасининг ҳақиқий эмаслигига олиб келади ва ҳақиқий ҳисобланмайди.
Кодекснинг 113–128-моддалари битимларнинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ умумий қоидаларни белгилайди. Жумладан, 115-моддада битимнинг қонунда белгиланган шаклига риоя этмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари, 116-моддада эса қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаган битимнинг ҳақиқий эмаслиги назарда тутилган.
Шу ўринда бир муҳим назарий қоидани таъкидлаш лозим: шартнома тузишдан кейин қарз олувчининг молиявий аҳволи ёмонлашгани ёки кредитни қайтариш имконияти пасайгани шартномани ҳақиқий эмас, деб топиш учун мустақил асос бўла олмайди.
Кредит шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш масаласи умумий фуқаролик-ҳуқуқий қоидалар ва кредит муносабатларига тааллуқли махсус нормалар асосида ҳал қилинади. Бунда қуйидаги ҳолатлар алоҳида аҳамиятга эга.
Биринчидан, қонун талабларига риоя этилмаганлиги, яъни кредит шартномаси қонунчиликда белгиланган талабларга зид равишда тузилган бўлса, унинг ҳақиқийлигига ҳуқуқий баҳо бериш зарур.
Иккинчидан, кредит шартномасининг ёзма шаклига риоя этилмаганлиги, яъни кредит шартномаси учун ёзма шаклнинг мажбурийлиги Фуқаролик кодексида тўғридан-тўғри белгиланган. Амалиётда кредит муносабатлари банк филиалида қоғоз шаклида, электрон ҳужжат айланиши ёки масофавий хизматлар орқали расмийлаштирилиши мумкин. Шу сабабли, ҳар бир низода ҳужжатнинг қоғозда мавжуд ёки мавжуд эмаслигининг ўзи билан чекланиб қолмасдан, қўлланиладиган қонунчиликка мувофиқ электрон шартнома тузилган-тузилмагани, шахснинг идентификацияси ва электрон тасдиқлаш жараёни текширилиши зарур.
Учинчидан, алдаш, зўрлик ишлатиш, қўрқитиш ёки янглишиш таъсирида шартнома тузилиши, яъни кредит шартномаси тарафнинг ҳақиқий иродасига зид равишда тузилган бўлса, унинг ҳақиқийлигига оид масала келиб чиқиши мумкин. Бунда тегишли нормалар асосида ҳуқуқий баҳо берилади.
Тўртинчидан, шахснинг номидан унинг розилигисиз кредит расмийлаштирилиши, замонавий банк хизматларида кредит аризаларини масофадан юбориш ва электрон тасдиқлаш имкониятларининг мавжудлиги шахсни идентификация қилиш ҳамда операциянинг ҳақиқийлигини текшириш масалалари янада муҳим ҳисобланади.
Бешинчидан, шартнома тузган шахснинг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари, кредит шартномаси муомала лаёқатига оид талабларга риоя қилинмаган ҳолда ёки юридик шахс номидан тегишли ваколатга эга бўлмаган шахс томонидан тузилган бўлса, битимнинг ҳақиқийлиги масаласи юзага келиши мумкин. Бунда шахснинг шартнома тузиш вақтидаги ҳуқуқий мақоми, унинг муомала лаёқати, вакилнинг ваколатлари, ишончнома ёки бошқа ваколат берувчи ҳужжатларнинг мавжудлиги текширилади.
Суд амалиётида энг муҳим масалалардан бири кредит шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш талабини уни бекор қилиш ёки кредит қарздорлигини ундиришга оид низолардан тўғри фарқлашдир. Шартномани ҳақиқий эмас деб топишда уни тузиш пайтида мавжуд бўлган ҳуқуқий нуқсонлар текширилади. Шартномани бекор қилишда эса, одатда, шартнома тузилганидан кейин юзага келган ҳолатлар, тарафлардан бирининг мажбуриятларни бузиши ёки қонунда назарда тутилган бошқа асослар муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Мавлуда БОБОРАИМОВА,
фуқаролик ишлари бўйича
Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?
МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.