Бу йил ҳам бир миллиондан ортиқ абитуриент бакалавриат таълим йўналишига ҳужжат топширди. Бир ўринга ўртача беш номзод даъвогар бўлиб турган кучли рақобат шароитида жамоатчилик 40 га яқин имтиёзлар масаласига эътибор қаратмоқда. Ҳамма тенг ҳисобланган билим майдонида алоҳида тоифанинг шаклланаётгани, “имтиёзли” деган қатлам пайдо бўлаётгани турли эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Имтиёз аслида қандай бўлади?
Ўқишга молиявий қурби етмайдиган талабани қўллаб-қувватлаш аввалдан бор тизим. Айниқса, Европа давлатларидаги университетларда бу стипендия, жамғармалар ажратган маблағ ҳисобига шакллантирилган. Ҳозир эса дунё таълим тизимида талаба шартнома пулини тўлашда қийналса, турли стипендия, грант ва фонд кўмагига таянади.
Молиявий кўмак талаба ўқишга кириб, қабул хатини олгачгина маълум шартлар эвазига берилади. Бу эса осонмас. Ҳақиқий билим синалади, муайян талаблар бажарилади, рақобатчилар қизғин курашади ва охирида энг муносиби танланади.
Имтиёзларни эса фақат ҳукумат бермайди. Университетлар, маҳаллий ҳокимиятлар, таълим ёки ташқи ишлар вазирлиги, тижорий компаниялар, халқаро таълим марказлари, фондлар, жамғармалар scholarship ёки fellowship шаклида тақдим этади. Бу орқали талабадан илм-фанда йўлини топиши, салоҳиятини кўрсатиши, келажакда илмий янгиликлар қилиши кутилади. Ундан давлатдан кўра қуйи ташкилотлар манфаатдор бўлади.
Ўзбекистонда эса манзара сал бошқача. Грант ўрин ва стипендиядан аввал айрим тоифа абитуриент қўшимча балл ёки тавсияномаси билан талабага айланади. Ихтисослашган мактабларда ўқиб, махсус имтиёзга эга чиқади. Танловлардаги ютуғи, жамоат ишларида фаоллиги учунам “мукофотланади”. 2022 йили собиқ вазир Абдуқодир Тошқулов бу ҳақда “ОТМларга киришдаги имтиёзлар қайта кўриб чиқилади ва айримларидан воз кечилади” деганди. Бироқ рўйхат қисқармади. Имтиёзлар сони ошаверди.
Мезонлар бузилса
“hudud24.uz” имтиҳонлар бошланмасидан шу мавзуга диққат қаратганди. Уларнинг қай даражада зарурлиги, адолатлими ёки йўқ, кимларга асосли ажратиляптию, қайси нуқталарда ютқазиш мумкинлиги ҳақида гапирилганди.
Бугун яна мавзуга қайтиб, бу борада таълим экспертлари, жамоат фаолларининг фикрлари жамланди.
— Имтиёзлар ҳақида уч йил аввал мақола ёзгандим. Лекин ўтган вақт ичи камайиш ўрнига янаям кўпайди. Турли-тумани ўйлаб топилди, — дейди таълим эксперти Комил Жалилов.
Яна бир таълим эксперти Шокир Турсун ҳам сони кўпаяётган имтиёзларни бошқа абитуриентга нисбатан адолатсизлик деб ҳисоблайди. Унингча, алоҳида квота ажратилган тақдирдаям имтиёзнинг кўплиги энг аввал таълим сифатига таъсир қилади ва келгусида минглаб сифатсиз ишчи-ходим пайдо бўлишига йўл очади.
Айрим имтиёзлар ўринли, дейди кўпчилик. Масалан, чин етим, ногиронлиги бор шахслар, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиси, хизмат вақти ҳалок бўлган ҳарбийлар фарзандига мўлжалланганига эътироз кам. Чунки уларнинг жамиятда ўрнини топиши, мослашиши муҳим. Аммо қуйидаги рўйхатга норози бўлаётганлар кўп.
- Ҳокимларнинг маҳалладаги ёрдамчилари (грант)
- Зулфия номидаги давлат мукофоти лауреатлари (грант)
- “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиблари (грант)
- “Ниҳол” мукофотига сазовор бўлган ёшлар (грант)
- Ёш тасвирий санъат усталари (грант)
- Ёш филологлар (грант)
- Ёшлар иттифоқи фаоллари (грант)
- Ҳарбий соҳа кадрларининг фарзандлари (грант)
- Ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари (грант, шартли)
- Имконияти чекланган ёшлар (грант)
- Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари (грант)
- Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар (грант)
- Халқаро олимпиадалар ғолиблари (грант)
- “Тарбиячи” кўрик-танлови ғолиблари (грант)
- “Заковат” интеллектуал ўйини совриндорлари (контракт)
- Олис чўл туманлари ёшлари (грант, мақсадли қабул)
- Сўхлик мактаб битирувчилари учун (грант, мақсадли қабул)
- “Темурбеклар мактаби” битирувчилари (имтиёзли балл)
- Президент мактабларининг битирувчилари (грант)
- “Йил ҳамшираси” танлови ғолиблари (грант) имтиёз асосида ўқишга киради ва имтиёзсиз абитуриент билан ўрин талашиб, ғолиб чиқаверади.
Фейсбукдаги “Maslahat.uz” гуруҳида имтиёз керакми ёки йўқ саволи билан сўровнома ўтказилганда, юздан ортиқ изоҳ қолдирилди. Шундан юзга яқин аъзо бунинг ноўринлиги, айирмачилик, табақаланиш кучайиши ёки қинғир йўллар билан имтиёзга эга чиқадиганлар кўпайишини ёзди.
Махсус мактабга махсус имтиёз
Ота-онанинг касб-кори, кимлигига боғлиқ бўлмаган имтиёзлар ҳам талай. Президент мактаби, ҳарбий лицей, ихтисослаштирилган мактаб битирувчилари ҳам имкониятдан жуда унумли фойдаланади. Бу ҳақда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев муносабатини билдирганди:
— “Темурбеклар мактаби” битирувчиларига ҳарбий таълим муассасаларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги, бошқа оддий ОТМларда эса 15 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади. Яъни 100 балл олса, унинг бали автомат 115 га айланиб қолади.
Натижада ҳар йили “Темурбеклар мактаби” айрим битирувчиларининг баллари амалда тўплаш мумкин бўлган энг максимал 189 баллдан ҳам ошиб кетади. Яъни оддий қишлоқ мактабида ўқиган ўқувчи барча саволларга тўғри жавоб берган тақдирда ҳам, 189 балл билан контрактга кириши мумкин. Чунки ўша оддий қишлоқ боласининг ўрнини ўта замонавий шароитлардаги “Темурбеклар мактаби”да ўқиб, имтиёз олган болалар эгаллайди, — деганди у.
Шунга ўхшаш имтиёзлардан бири Наманган вилоятидаги Исъҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг битирувчиларига “совға” қилинган. Бу махсус имтиёз. Агар ўқувчи мактабда аъло баҳоларга ўқиган бўлса, бакалавриатнинг хорижий тил ва адабиёти, филология ва тилларни ўқитиш таълим йўналишларига имтиҳонларсиз қўшимча давлат грантлари асосида кира олади, дегани. Энг аҳамиятлиси, бу фақат шу мактаб учун ишлайдиган “формула”.
— Ихтисослашган ва яна бир неча алоҳида мактаб битирувчиларига имтиёз бериляпти-а? Лекин улар шундоғам яхши шароитда ўқийди-ку! Оддий мактабдагидан бир неча баравар имконияти кенг жойда таълим олган. Қарангки, шунча шароит, ғамхўрлик, малакали ўқитувчи назоратида ўқиганидан ташқари яна мукофот қўшиб бериляпти, — дейди Комил Жалилов.
Жамоатчилик фаоли Шаҳноза Соатова ҳам шундай фикрда:
— Махсус мактабларда алоҳида махсус шароитлар, яхши ўқитувчилар, юқори таълим сифати бўлса-да, яна унинг битирувчилари имтиёз билан олий таълим муассасасига кирса. Бошқа солиқ тўловчиларнинг ўзи репетиторга қатнаб ўқиган фарзандлари умиди сўнади-ку, — дейди у ва буни қайтадан кўриб чиқиш кераклигини таъкидлайди.
Бунга қўшимча 29 июль куни фарғоналик беш абитуриент президент тавсияси билан имтиҳонсиз талаба бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Уларнинг қайси асосга кўра танлаб олингани, нега имтиёзга лойиқ кўрилгани эса очиқланмади.
“Тест саралаш функциясини бажармаяпти”
— Ўқишга киришда имтиёз-имтиёз қилинаверса, тестология қонун-қоидалариям бузилади, — дейди таълим эксперти Шокир Турсун. — Дунё тест илмида тестнинг валидлиги, яъни тест чиқарадиган хулосанинг яхшилиги, асосланганлиги деган тушунча бор. Биз танлаётган, ажратаётган талабалар ўқишга нолойиқ чиқиши ҳам мумкин. Айтайлик, қайсидир ҳудудда яшаган ёки мактабни битираётганларга имтиёз берилади. Майли, бу умумий “қозон”дан ташқаридан бўлганида ҳам барибир бюджетдан пул ажратилади-ку!
[caption id="attachment_18120" align="aligncenter" width="1280"]
Таълим эксперти Комил Жалилов
ФОТО: “Kun.uz”[/caption]
Комил Жалилов ҳам тестология илмининг қўпол равишда бузилиши айнан шу фактор сабаб рўй беради дейди: “Тест натижаларига билим кўникмаларидан бошқа омиллар таъсир қилмаслиги керак. Тест саралаш функциясини бажаряптими, бошқаси четда турсин. Аралашмасин. Бугун тест талабгорларнинг билимини битта шкалага солиб бериш, баҳолаш функциясини бажармаяпти”.
Таълимдаги нотенглик вақт ўтиб билими саёз талабани етиштириб, кадрлар тақчиллигига ҳам таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирланаётганлар бор. Бола алоҳида квота асосида талабага айланса ҳам барибир умумий бюджет ҳисобидан ўқиши молиялаштирилади. Бу эса солиқ тўловчиларнинг устидан кулиш дейди “Маърифат” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Нишонов:
— Биз ўқишга кирган йиллари (1991 йиллар) имтиёзлар ниҳоятда кам эди. Секин-аста кўпайиб, ҳозир ҳаддан ошиб кетди. Бу қолган абитуриентларга нисбатан дискриминация. Бошқа солиқ тўловчиларга нисбатан эса айирмачилик.
“Бу суперконтрактданам хавфли бўлиши мумкин”
“Қачондир, кимдир, тадқиқот қилиб, мана шунақа дискриминация таълим тизимига, бу орқали бошқа соҳаларга қандай таъсир қилган, қандай оқибатларга олиб келган деган саволларга жавоб бериши керак” дейди Шокир Турсун. Бугун айримларга мақсадли кўринаётган имтиёз вақти-соати етиб бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Масалан, коррупциянинг чуқур томир отиши, таълим сифатининг пасайиши, баҳолаш мезонларининг йўқолиши, иқтисодий ислоҳотларга таъсири, ақллар ҳижрати, қатор соҳаларда деградация ва ҳоказолар.
— Давлат ўз ресурсини ҳавога учираётгандир эҳтимол. Бу суперконтрактданам ёмон оқибатларни келтириб чиқариши мумкин кейинчалик. — дейди Шокир Турсун. — Ёшларнинг фикри ўзгаради. Нега оддий одамнинг боласига ҳеч қандай имтиёз йўқ-да, ҳарбий, божхоначининг боласига алоҳида ўрин бор, дейдиган бўлади. Ўзимда ҳам шундай бўлган: “Айбим ўқитувчининг боласи бўлганимми?” деган саволлар қийнаган мени вақтида.
[caption id="attachment_18121" align="aligncenter" width="1280"]
Таълим эксперти Шокир Турсун
ФОТО: Шокир Турсуннинг шахсий архивидан[/caption]
Боласининг имтиёзлилар орасида “синиши”, юқори балл билан ё контрактга тушиши, ёки имтиҳондан ўтолмаслигидан чўчиётган оилалар ҳам йўқ эмас. Андижонлик Барнохон Ҳабибуллаева ўғлининг билимига яраша балл тўплагани, лекин ундан аввал қанчадан қанча имтиёзли рўйхат тепасида турганидан хавотирланганини айтади:
— Ўғлимнинг баллари чиқди. 155.4 йиғибди. Аммо жуда қўрқяпмиз. Ундан олдинда имтиёзи борлар турибди. Отаси прокурор бўлса – имтиёз, ҳарбий бўлса, яна имтиёз... Охири борми? Нима, отасининг ҳурматига балл қўшиб бериладию, боланинг меҳнати, интилишлари ҳисобга ўтмайдими? — дейди у. — Ҳозир болам топширган йўналишда имтиёз баллари ҳам қўшилиб, 200 дан тепага чиқиб кетибди. Ҳақиқий илмли болалар шуларни деб чўкяпти.
2021 йилдан бери абитуриентга бештагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Биридан ўтолмаса, бошқасига тўплаган балли тўғри келиш эҳтимоли юқори. Шунга қарамай яна имтиёзлар қўшиб берилиши, чиндан адолатлими?
— Шунча енгилликлардан кейинам имтиёзнинг сақланиб қолиниши боқиманда, текинхўр, билимсиз абитуриентни университетга мажбурлаб, зўрлаб киритишдек гап, — дейди педагог Исроил Тиллабоев. — Рости, кўпнинг энсасини қотираётган механизм шаклланяпти. Ўзбекистонда барча тенг ҳуқуқлими, марҳамат, ўйин қоидалари ҳам баробар бўлсин.
Кадрлар муаммоси — ўйлантиради, хавотирга солади
Хитойдаги Марказий Миллатлар университети ўқитувчиси Дилсора Мирзааҳмедованинг фикрича, агар Ўзбекистондаги имтиёзлар сони камаймаса ёки ортиқчаси бекор қилинмаса, ҳадемай кадрлар етишмовчилиги янаям билинади. Қатор соҳаларда профессионаллар ўрнини ўртамиёналар эгаллайди. Имтиёзсиз йигит-қизлар кўпроқ хорижга, ўзи адолатли деб билган давлат университетига йўл олаверади. Бора-бора муаммо кўлами кенгайиб, ечими бир неча ўн йилликда топилиши мумкин. Бу қўрққулик оқибат, деб ҳисоблайди Д.Мирзааҳмедова.
— Имтиёзлар вақтинчалик кучга эга, деб биламан, — давом этади у. — Хитойда рақобат ҳаддан ташқари кучли бўлгани учун ҳукумат олий таълимдаги адолатга, тенгликка жиддий қарайди. Чунки эртага эски кадрлар ўрнини янгилари эгаллайди. Мамлакат тараққиёти бугунги талабага боғлиқлигини яхши билади. Бу ерда деярли имтиёз йўқ. Бори ҳам жуда тор доирада.
Имтиҳонлар ҳам провинциялар нуфузи ва кадрлар профессионаллигига қараб фарқ қилади. Масалан, Пекин, Шанхай, Гуанжоуда иш топиш осон бўлмагани учун имтиҳон саволлари жуда қийин тузилади. Мақсад — бола олдиндаги катта рақобатга ҳозирдан “пишсин”, ўзини тайёрласин.
[caption id="attachment_18122" align="aligncenter" width="1280"]
Хитойдаги Марказий Миллатлар университети ўқитувчиси Дилсора Мирзааҳмедова ФОТО: шахсий архивдан[/caption]
Педагогнинг айтишича, Хитой чет ҳудудлардаги кадрлар муаммосини ўша ҳудуд абитуриентларига имтиёз бериш орқали ҳал этади. Яъни ривожланишда ортда қолаётган провинция ўғил-қизига ўқишга киришда имтиёз берилса, эртага университетни тамомлагач, албатта, ўз шаҳрига қайтиб кетиши ва ўша жойда ишлаши шарт.
Бизда эса имтиёз билан ўқишга кириб, эртага танлаган соҳасида ишламаётган, умуман йўналишини ўзгартирган ёки ҳеч қаерда ишламаётганлар бор.
— Бакалаврда ўқиган пайтим номдор мукофотни олган қизлар грантни эгаллаб, билимли талабани четга суришарди, — деб эслайди Дилсора Мирзааҳмедова. — Вақт ўтиб, бирортаси ишлагани, соҳасининг профессионалига айланганини эшитмадим. Шунчаки имтиёздан фойдаланди ва ўқийман деганнинг ўрнини олди.
Шунга ўхшаш воқеаларни бошдан ўтказган фотограф журналист Дилруҳда ҳам имтиёзга нисбатан салбий муносабат кучли.
— Мен ўқишга топширган йили ЎзЖОКУдаги халқаро журналистика факультетига 7 та контракт, 3 та грант ўрни ажратилганди. 170.7 йиғиб контрактда ўқидим. Чунки учала грантнинг бари эгаллаб бўлинганди – икки олимпиадачи ва бир “Зулфия”чи томонидан, — дейди Дилруҳ Исомиддинова. — Алам қиладигани, “Зулфия”чимиз журналистик фаолият билан шуғулланмади. Ўқиш давридаям ва ҳозирам. Шеърларини хорижий тилларга таржима қилдириб, танловларда юрарди. Эшитсам, шу кунларда қизларни давлат мукофотларига тайёрлаш, ўзига ишонч орттириш, ўзини севиш каби мотивацион курслар очибди.
Нима қилмоқ керак?
Бу борада айрим таклиф ва тавсиялар бор. Чунончи, Комил Жалилов имтиёзларни бошқача тартибда бериш зарурлигини таъкидлайди:
— Имтиёзлар ижтимоий лифт вазифасини бажара олиши керак. Имтиҳонсиз ўқишга кириш, баллар қўшиш, алоҳида квота ажратиш тартибида бўлмасин. Алоҳида квота ҳам барибир умумий “қозон”дан улуш олади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бола тестга кириб, билимини эл қатори синасин. Мабодо контрактга илинса, давлат бунинг маълум қисмидан воз кечар ёки қайсидир фонд, жамғармалар кўмаклашсин. Яъни шу йўл билан имтиёз белгилаш мумкин. Ёппасига қирққа яқин тоифани ажратволиб, “бу сенга, буниси сенга” дейиш ноўрин.
Ҳуқуқшунос Мурод Нажмиддинов ҳам ижтимоий заруратга асосланмаган, бирор ташкилотга мансублиги учун бериладиган имтиёзларни бекор қилиш, қабул квотаси умумийсидан ажратилиши ва уларнинг миқдори ижтимоий мезонлар асосида қайта кўриб чиқилиши, алоҳида таълим муассасалари имтиёзларидан воз кечиш кераклигини таклиф қилади.
Эҳтимол, ҳукумат ва имтиёз тартиб-қоидаларини ишлаб чиқаётганларга эътирозлар таъсир қилмас. Буни ўзгартиришга уриниш ҳам бўлмас, лекин экспертлар, жамоат фаоллари ва имтиёзларнинг ноўринлигини тажрибасида кўриб, аччиғини тотиб кўраётганлар хулосаси кун келиб тасдиғини топади. Унда ғишт қолипидан кўчган ёки ҳаммасини ўрин ўрнига қўйишга кечиккан бўлмайлик.
Чарос Низомиддинова
Hudud24.uz