Ҳуқуқ
20.10.2026
64

Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, ердан самарали фойдаланиш ва аҳолининг даромад манбаларини кенгайтириш мақсадида томорқа ер эгалари ҳамда деҳқон хўжаликлари учун қатор иқтисодий рағбатлантириш чоралари жорий этилмоқда. Жумладан, ер солиғининг бир қисмини қайтариш механизми аҳолининг тадбиркорлик фаоллигини ошириш ва ер ресурсларидан унумли фойдаланишни рағбатлантиришга хизмат қилади. Ушбу имкониятдан фойдаланиш шартлари, солиқнинг қайси қисми қайтарилиши ва бунинг учун қандай талабларга риоя этиш лозимлигига боғлиқ.
Қонун қандай имтиёзни назарда тутади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 547-сон қарори билан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ерларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан юқори даромад олувчиларга бюджетга тўланган ер солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, аввал Президентнинг 14.02.2025 йилдаги ПФ-22-сон Фармони билан юқори даромад олган томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига ер солиғининг бир қисмини тажриба тариқасида қайтариш назарда тутилган эди. Янги қарор бундай қайтариш механизмини белгилайди.
Тажриба қаерда ўтказилади?
Тажриба 2027 йилда Наманган вилоятида ўтказилади, вақтинчалик низом эса 2028 йил 1 январга қадар амал қилади. Даромад олувчиларга тўланган ер солиғининг 90 фоизи тегишли маҳаллий бюджетдан қайтарилади.
Қандай шартларга жавоб бериш керак?
Ер солиғининг бир қисми бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берадиган шахсларга қайтарилади:
• деҳқон хўжалиги ёки шахсий томорқа ерига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса ва ундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун фойдаланилса;
• календарь йил давомида маҳсулот сотишдан олинган даромад бир сотих ер учун БҲМнинг 25 бараваридан ошса;
• ўтган ва жорий йиллар учун ер солиғи бўйича қарздорлик бўлмаса;
• ҳисобот даврида ҳисобланган ер солиғи тўлиқ тўланган бўлса.
Даромад миқдори даромад олувчи томонидан «Онлайн маҳалла» платформасига киритиладиган маълумотлар – ер участкаси ҳажми, сотилган маҳсулот ҳажми, унинг номи ва тури асосида аниқланади. Маҳсулот «UzexAgro» платформасидаги битимлар ўртача нархининг 80 фоизи миқдорида баҳоланади.
Ер участкасидан ҳужжатларсиз ёки ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда қайтариладиган сумма камаяди.
Қайтариладиган сумма Солиқ қўмитасининг автоматлаштирилган дастури орқали аниқланади ва даромад олувчининг банк картасига ўтказилади. Солиқнинг бир қисмини солиқ органларининг махсус мобил иловаси орқали қайтариб олиш мумкин.
Бекжон Исмоилов,
ҳуқуқшунос
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?
МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.